ПАЙПАСЛАГИЧЛИЛАР

ПАЙПАСЛАГИЧЛИЛАР (Tentaculata) — денгиз ва чучук сувда яшайдиган умуртқасиз ҳайвонлар типи. Целомик ҳайвонларнинг мустақил гуруҳи ҳисобланади. Ўтроқ ҳаёт кечиради. Билатерал симметрияли; целомик гавда бўшлиғи унча аниқ бўлмаган 3 та сегментга бўлинади. Оғизолди пайпаслагичлари яхши ривожланган. Ичаги илмоқсимон, анал тешиги орқа томонда оғиз тешиги яқинида жойлашган. Айириш органлари —1—2 жуфт метанефридийлар. Қон айланиш системаси ривожланган. Жинсий безлари целомда жойлашган. Личинкаси ҳалқали чувалчанглар трохофарасига ухшаш. Форонидлар, мшанкалар ва елкаоёқлилар синфларига ажратилади. 4,5 мингга яқин тури маълум. Кўпчилигини (4000) мшанкалар ташкил этади. Катта амалий аҳамиятга эга эмас. Баъзан сув ўтказадиган қувурларни тўсиб қўйиб, катта зарар келтириши мумкин.

Loading...