ПАЙЗА

ПАЙЗА, япон тариғи (Echin-ochloa) — бошоқдошлар оиласининг курмаклар туркумига мансуб бир йиллик бошоқли дон ва ем-хашак экини. Хиндистон, Хитой, Корея, Японияда қадимдан етиштирилади. Донидан ёрма, спирт олинади, чўчқа ва паррандаларга ем сифатида ишлатилади. Кўк поясидан силос бостирилади ва пичан тайёрланади. 100 кг кўк поясида 12,5 озуқа бирлиги ва 1,6 кг ҳазм бўладиган протеин (100 кг пичанида тегишлича 60,5 ва 6,9; донида 92,7 ва 10,5) бор. Чорва моллари учун яхши озуқа.

Намсевар ва даланинг бегона ўтлардан тозалигига талабчан ўсимлик. Қулай шароитда ёзда 2—4 мартагача ўриб олиш мумкин. Ем-хашак учун кеч баҳорда қаторлаб, оддий усулда (уруғ экиш нормаси 12—15 кг/га), дон учун кенг қаторлаб (уруғ экиш нормаси 5 — 6 кг/ га) экилади. Кўк озуқа учун рўвакланиш вақтида, дон учун рўваклари сарғайганда ўрилади. Ҳосилдорлиги кўк поя бўйича 140—400 ц/га, пичан бўйича 20—40 ц/га.

Loading...