ПАЙЗА

ПАЙЗА, пайдза (хитойча-мўғулча) — ёрлиқ. Чингизхон Ясясига биноан жорий этилган, олтин, кумуш, чўян, жез ҳамда ёғоч тахтачаларга битилган, мўғул хонлари томонидан мўғуллар ҳукмронлигига тобе мамлакатларга тайинланган ноиблар, шунингдек, чопар ва элчиларга, уларнинг лавозимларига қараб бериладиган ёрлиқ, буйруқ. Ноибларга ҳамда элчиларга бериладиган олтин П. га хоннинг буйруклари ёзилган ва улар ноиб ёки элчига чексиз ваколат ҳуқуқини берган. Пайза эгаси истаган нарсани талаб қилишга ҳақли бўлган, унинг талаби сўзсиз бажарилган. Мақаллий ҳукумат вакиллари Пайза бор маъмурга от, йўл кўрсатувчи киши, озиқ-овқат ва б. хизматларни кўрсатишга масъул бўлганлар. Пайзанинг даражасига қараб унга қуш ёки ҳайвон расми солинган. Энг олий даражали Пайза юзига йўлбарс сурати туширилган. Бу турдаги Пайза ҳукмронлик ва дахлсизлик белгиси бўлиб хизмат қилган. Пайзага эга шахслар таланиш ёки жазоланишдан мустасно эдилар.

Loading...