ПЕРЛИТ

ПЕРЛИТ (франц. perle — марварид) — концентрик-пўстлоқсимон структурали нордон вулкан шишаси. Таркиби нордон лаваларникига ўхшаш. Унда SiO2 (65-75%), А12О3 (10-15%), оз микдорда Fe2O3, CaO, MgO, SO3 ва 1 — 9% гача сув бўлади. Чизиғи бўйича синдирилганда пусти марварид каби ялтирайдиган кичик шарчаларга бўли-нади. Текстураси массивли ёки ғовакли. Перлит вулканик шишани совишида гидратация жараёни қўшилганда ёки вулканик шишага кейинчалик гидротермал сув таъсир этганда ҳосил бўлади.

Зичлиги 2300—2390 кг/м3, ғоваклиги 1,8—2% дан 70% гача. Перлит 850—1200° гача қиздирилганда юмшайди, таркибидаги сув буғга айланади, юмшаган жинс шишиб, 10—20 марта катталашади. Шишган Перлит доначаларининг ҳажмий оғирлиги 30—40 дан 350—400 кг/м3 гача бўлади. Улар қум ва шағал ўрнида, енгил бетон боғловчиси сифатида, иссиклик изоляция материаллари тайёрлашда ишлатилади. Перлитдан кимё, нефтни қайта ишлаш, озиқовқат, дори-дармон, шиша саноатлари ва қ. х. да фойдаланилади.

Loading...