ПИСКОМ

ПИСКОМТошкент вилоятидаги дарё. Чирчиқ дарёсининг ўнг бош ирмоғи. Майдонтол тизмасининг шим. ён бағридан оқиб тушадиган Майдонтол ва Писком тизмасининг шим.-ғарбий ён бағридан оқиб тушадиган Ойгай-инг сойларининг қўшилишидан ҳосил бўлиб, шим.-шарқдан жан.-ғарб томон оқади ва Чорвоқ сойлигига келганда Чатқол дарёси билан қўшилиб, Чирчиқ дарёсини ҳосил қилади. Уз. 70 км, ҳавзасининг майд. 2840 км2.

Писком бош қисмида чуқур тоғ водийсида тошлар орасидан, сўнгра террасали кенг водийда оқади. Пискомнинг ҳавзаси анча баланд (ўртача бал. 2645 м) бўлиб, унда умумий майд. 130 км2га яқин 140 дан ортиқ кичик музлик бор. П. қор-музлик сувидан тўйинади. Ўртача кўп йиллик сув сарфи 82 м3/сек. Йиллик оқимнинг 47% март — июнь, 38% июльсент., қолган 15% эса окт. — фев. ойларида оқиб ўтади. Суви мартдан купая бошлайди, июнь—июлда энг кўп, янв. —фев. да эса энг кам бўлади. Энг кўп сув сарфи 700 м3/сек. ва ундан ортиқ, энг кам сув сарфи 10 м3/сек. гача. Писком анча лойқа дарё (ҳар 1 м3 сувида ўртача ҳисобда 200 г лойқа бўлади). Пискомга 40 дан ортиқ сой ва жилғалар келиб қўшилади. Улардан энг йириклари: Ихначсой, Қорақизсой, Тепарсой, Аксарсой ва Новалисой.

Prev Article

ПИСКЕНТ

Next Article

ПИСТА