ПИСТА

ПИСТА (Pistacia), хандон писта — пистадошлар оиласига мансуб бута ёки дарахтлар туркуми, ёнғоқмевали дарахт. 300 йилгача яшайди. 20 дан ортиқ тури бор. Жан. Европа, Ғарбий, Ўрта ва Шар-қий Осиёда, Шим., Шарқий Африка ва Марказий Америкада ўсади. Ўрта Осиёда ёввойи ҳодда ўсадиган чин П. (P. vera) ва тўмтоқ баргли Писта (P. mutica) турлари бор. Бўйи 2,5—10 м, шох-шаббаси тарқоқ, 10—12 м кенгликда. Писта икки уйли ўсимлик, —40° совуққа чидайди. Апр. —май бошларида дастлаб эркак, сўнгра урғочи дарахтлари гуллайди, гули мураккаб рўваксимон тўпгулдан иборат, шамол ёрдамида чангаланади. Меваси бир уруғли данак (писта). Пистаси авг. — сент. пишади. Қобиғи юпқа, қаттиқ, етилганда баъзан учидан ёрилади. Мағзи яшил, мазали, таркибида 63% гача мой, 22% оқсил, 7% гача углеводлар, В гуруҳи витаминлари, А провитамини бор; асосан, қовурилган ҳолда ейилади, қандолатчиликда ишлатилади. Писта лалми ерларда 10—12, суғорма ерларда 7—8-йили ҳосилга киради. Ёввойи ҳолдагилари 15 кг гача, пайванд қилинган 8—10-йиллик дарахтлари 30—45 кг мева беради. Писта баргларида пайдо бўладиган ғудда-бужғ-унларда таннид (30—40%), бўёқ мод-далари бор. П. Қурғоқчиликка чидамли. Уруғидан ва пайвандлаб, бачкисидан пархиш қилиб кўпайтирилади. Писта ёғочи дурадгорликда қадрланади. Ўзбекистонда Пистани экиб ўстириш ишлари 1937 й. дан Боботоғ (Сурхондарё вилояти) тоғларида бошланган, Каттақўрғон сув омбори атрофларида 2 минг га дан ортиқ Писта зорлар ташкил этилган. Республикада уруғидан экиб ўстирилган Писта зорларнинг умумий майдони 80 минг га дан кўпроқ (2003). Ўзбекистон ўрмончилик и. т. ин-тида, Пистанинг 6 нави яра-тилган, 30 дан ортиқ Писта навлари коллекцияси барпо этилган.

Асосий зараркунандалари: П. қурти ва Писта қалқондори.

Ад.: Попов К. П., Фисташка в Средней Азии, Ашхабад, 1979.

Абдушукур Хоназаров.

Loading...