ПИВО (рус.) — кучеиз алкоголли, таъми тахирроқ, кўпикланувчи, хушбўй, чанқовбости ичимлик. Ўрта асрлардаёқ Европанинг қатор мамлакатларида (айниқса, Германия ва Чехословакияда) кўп тайёрланган. Кейинчалик саноат усулида махсус Пиво з-дларида ишлаб чиқарилган. Пиво 19-а. 2ярмида Россия Ўрта Осиёни босиб олгандан кейин Ўзбекистонда ҳам тарқалди.
Пиво тайёрлаш учун ундирилган арпадан тайёрланган суюклик (солод)га қулмоқ (хмель) ва сув қўшиб спиртли биж-ғитилади. Пивонинг айрим навларини тайёрлашда арпа солоди қисман гуруч, маккажўхори ёки арпа уни, шунингдек, шакар билан алмаштирилади.
Солод тайёрлаш учун арпа тозаланади, намлаб ундирилади, унган арпа майсалари қуритилади. Қуритилган майсалар майдаланиб, сув билан аралаштирилади. Муайян ҳароратда сувли аралашмада ферментация жараёнларида солоддаги крахмал шакарга айланади, шакарланиш тугагандан кейин аралашма сузилади ва тиниқ сусло (атала)га хмель қўшиб қайнатилади. Натижада атала тиниқлашади ва хушбўйликка эга бўлади. Кейин сусло қулмоқдан тозаланади ва махсус тиндиргичларда совитилади. Сусло махсус Пиво бижғитиш аппаратларида Пиво ачитқи (дрожжи)ларининг махсус ирқи б-н 5—9° да 7—8 сутка давомида (пиво навига қараб) бижғитилиб етиштирилади (спирт ва карбонат ангидрид гази ҳосил бўлади).
Бижғиган ёки ёш Пиво тўлиқ етилиши учун махсус катта сиғимли идишларга қуйилади. Идишларда тўлиқ етилиши ва газдан тозаланиш 0—2° да 21—90 кун давом этади. Пиво тайёрлашнинг узлуксиз ва жадаллаштирилган технологиялари ҳам қўлланилади. Етилган Пиво қайта сузилади ва бутилкаларга қуйилади.
Пиво таркибида, навларига қараб, 4—10% енгил ўзлаштирилувчи озиқ моддалар, асосан, углеводлар, кам миқдорда аминокислоталар бор. П. да 1,8—6% алкоголь, 0,3—0,4% карбонат ангидрид гази, қулмоқнинг аччиқ ва ошловчи моддалари қолдиғи, органик кислоталар мавжуд. 1 л П. да 400 дан 800 гача ккал бор. Пиво хом ашёнинг миқдори ва таркибига, бижғиш даврининг давомийлигига кўра ҳар хил (оч ва тўқ) рангли бўлади, навларга ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси П. ва алкоголсиз ичимликлар саноати тармо-ғида 16 та йирик корхона (Тошкент, Фарғона, Қўқон, Андижон, Гулистон, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва б. ша-ҳарларда), шунингдек, матлубот жамиятларига қарашли з-длар ва цехларида Пиво ишлаб чиқарилади. Ўзбекистонда «Олмалиқ», «Қибрай» П. лари машҳур.
Олимжон Алимов.