ПЛУГ — ер ҳайдашда ишлатиладиган қ. ҳ. қуроли. Миср, Хитой, Ўрта Осиёда қадимдан маълум бўлган. Дастлаб ёғочдан ясалган, учига тиғ қопланган. От, хўкиз қўшиб ишлатилган (қ. Омоч). Мил. ав. 1-минг йилликда темир лемехли Плуглар пайдо бўла бошлаган. Металл Плуглар 18-а. ярмида пайдо бўлган. Тракторлар Плуг лари 1марта 20-а. 20-й. ларида ишлаб чикарилган. Плуг аста-секин такомиллаштириб борилган.
Иш органларининг тузилишига қараб лемеҳли ва дискли; тортиш кучи турига қараб, тракторга ўрнатиладиган (ўрнатма, ярим ўрнатма, тиркама), отга қўшиладиган ва канатли; иш органлари сонига қараб, 1—2 ва кўп корпусли; вазифасига қараб, умумий ва махсус; ер ҳайдаш усулига қараб, тупроқни ичкарига ва ташқарига ағдариб эгат очадиган ҳамда текис ҳайдайдиган Плуглар бўлади.
Тракторга ўрнатиладиган лемехли Плуглар (тиркама, ярим ўрнатма) кенг қўлланилади. Асосий узеллари: иш органлари, ҳайдаш чуқурлигини ростловчи механизм, автомат, цилиндр, таянч ғилдираклар, ўрнатиш ёки осиш мосламаси. Лемехли Плуг ларнинг иш органлари — корпус, чимқирқар, диск-пичоқ. Ҳайдалма қатлам остини юқорига чиқармасдан 5—12см чуқур ҳайдашда корпусга қўшимча чуқурлаткичлар маҳкамланади. Чим-қирқарлар Плуг корпусидан 30—35 см олдинга ўрнатилади, 10 см гача тупроқ қатламини олиб, корпус ҳосил килган эгат тагига ташлайди. Дискли Плуглар, асосан, янги ерларни ҳайдашда ишлатилади. Умумий ишларга мўлжалланган Плуглар ҳар қандай ерни 18 — 45 см чуқурликда ҳайдашда қўлланилади. Мокисимон Плуг ларнинг корпуси ўнгга ва чапга айланадиган 2 секциядан иборат. Секциялар навбат билан ишлайди. Махсус Плуглар чангалзор-ботқоқликларни, боғ, токзор, ўрмон, тошлоқ ерларни ҳайдашда ишлатилади. Ерни шудгор қилиш учун 1 корпусли (ПО-1-30 маркали) ва 2 корпусли (ПО-2-30) ағдарма-осма Плуглар, деҳқон ва фермер хўжаликлари учун 2 корпусли (ПН-2-30) ва 3 корпусли (ПН3-30) ағдарма-осма Плуглар, техник экинлар учун мўлжалланган ер ҳайдаладиган 3 корпусли (ПДН-3-30) ва тўрт корпусли (ПДН-4-45) ағдарма-осма Плуглар, ерни чуқур ҳайдашга мўлжалланган ярусли тиркама (ПЯ-3-35) Плуглар (ҳаммаси «Чирчиққишмаш» АЖ); пахта, ғалла ва б. экинлар экиладиган ерларни хайдаш учун мўлжалланган осма Плуг (ПН-3-35) («Урганчозуқамаш» АЖ), ерни бир текис ағдариб ҳайдаш учун мўл-жалланган ағдарма-осма Плуг (EurOpal 9 (4+1) Н 100) («Агрегат» з-ди ва «Лемкен» фирмаси) ва б. ишлаб чиқарилмоқда. Бу П. лар ерни 18—45 см чуқурликда ҳайдайди.