ПОЛИМЕРБЕТОН

ПОЛИМЕРБЕТОН, пластобетон — богловчи моддалари органик полимерлардан иборат цементсиз бетон. П. тайёрлашда боғловчи моддалар сифа-тида, асосан, термореактив смолалар (мас, фуран, тўйинган эфир, карбамид, эпоксид смолалар ва б.), баъзан термопластик смолалар ишлатилади. Тўлдиргичлар (дағал дисперс тўлдиргичлар) сифатида ўлчами 5 мм гача бўлган кварц қуми, гранит, базальт тошларининг 50 мм гача майдаланган бўлакчалари қўлланади. Тайёр маҳсулотларнинг таннархини ва богловчи моддалар сарфини камайтириш, хоссаларини яхшилаш максадида Полимербетон таркибига ўлчами 0,15 мм гача бўлган майда дисперс тўлдиргичлар (барит, кварц, андезит ва б. тоғ жинслари уни), шунингдек, пластификаторлар, эри-тувчилар ва суюлтиргичлар, ғовак ҳосил қилувчи моддалар (порофорлар), сирт фаол моддалар, антипиренлар, бўягичлар ва ш. к. киритилади. Полимербетон ўта огир (3,5-4 т/ м3), оғир (2,2-2,4 т/м3), енгил (1,6—1,8 т/ м3) ва ўта енгил (0,4 — 0,5 т/м3) хилларга бўлинади. Полимербетоннинг хоссалари боғловчи моддаларнинг ту-рига, тўлдирувчи ва тўлдиргичлар фракцион таркибига, аралаштириш ва барча компонентларни зичлаштириш-га, шунингдек, боғловчи моддаларнинг қотиш даражасига боғлиқ. Полимербетон электролиз ванналари, и. ч. корхоналари поллари учун кошинлар, оқова сувлар учун қувурлар, кимёвий таъсирлар ва емирилишга чидамли конструкцион материаллар и. ч. да қўлланади. Полимербетондан фарқли ўлароқ полимерцемент таркибига асосий компонентлар сифатида 1:(0,005—0,2) нисбатда анорганик богловчи материал (цемент, гипс, оҳак) ва полимер қўшимчалар (сувда эрувчан эпоксид, полиэфир, карбамид смолалар, поливинилацетат, латекс ва б. нинг сувдаги дисперсияси), тўлдиргичлар (мас, бўр, янчилган қум, тальк) киради. Полимерцемент, асосан, бино ва иншоотлар деворларини сувашда қўлланади.

Prev Article

ПОЛИКРАТ