ПОЛИМЕРЛАНИШ

ПОЛИМЕРЛАНИШ — қуйи молекулали модда (мономер)ларнинг ковалент боғ орқали бирикиб, юқори молекулали бирикма (макромолекула)лар ҳосил қилиш жараёни. Макромолекуланинг элементар таркиби (унинг чек-ка гуруҳини назарга олмаганда) мономернинг таркибидан фарқ қилмайди. Полимерланишнинг поликонденсатланишдан му-ҳим фарқи ҳам ана шунда.

Макромолекулада инициаторлар иштирокида фаол марказ (•) ҳосил қилиш Полимерланишнинг асосий босқичи ҳисобланади. Бу марказ реакциянинг ўсишини бошлаб юборади ва мономер молекуласини фаол марказга қўшади. Агар бу марказ турғун (узоқ вақт мавжуд бўлувчи) бўлса, Полимерланиш босқичсимон дейилади. Агар оралиқ маҳсулот турғун бўлмаса (қисқа вақт мавжуд бўла олса), П. занжирсимон дейилади. Полимерланишда қатнашувчи фаол марказлар табиатига кўра, Полимерланиш радикалли ва ионли бўлади. Полимерланишда бир вақтда 2 ёки ундан ортик, турли мономерлар қатнашиши мумкин.

Радикалли Полимерланиш фақат занжирли механизм бўйича боради. Эркин радикаллар оралиқ фаол маҳсулотларнинг функциясини ўтайди. Этилен, винил-хлорид, винилацетат, винилиденхлорид, фторэтилен, акрилонитрил, ме-такрилонитрил, метилакрилат, метил-метакрилат, стирол, бутадиен, хлороп-рен ва б. радикалли Полимерланишга киришадиган мономерларга мансубдир. Радикалли Полимерланишни хона ҳарорати ва қуйи т-раларда амалга ошириш учун оксидланишқайтарилиш инициаторлашдан фойдаланилади. Лаб. амалиётида фотокимёвий инициаторлаш қўлланади. Радикалли Полимерланишни у-нурлари, тезкор электронлар, х-заррачалар, нейтронлар ва ҳ. к. таъсирида ҳосил қилиш ҳам мумкин. Бу усулдаги инициаторлаш ради – ацион кимёвий инициаторлаш дейилади.

Радикалли Полимерланишда занжир узатилиш ре-акциясининг аҳамияти муҳим. Бунинг моҳияти шундаки, ўсувчи радикал бирор молекула (занжир узатувчи молекула)нинг атоми ёки бир гуруҳ атомини узиб олади. Натижада ўсувчи радикал тўйинган валентли молекулага айланиб, кинетик занжирни давом эттиришга мойил янги радикал ҳосил қилади.

Ионли Полимерланишда оралиқ фаол маҳсулотлар ионлар, ионлар жуфти ёки қутбланган комплекслардан иборат. Ионли Полимерланиш занжирли механизм бўйича ҳам, босқичли механизм бўйича ҳам бориши мумкин. Занжирсимон ионли Полимерланиш катионли ва анионли Полимерланишга бўлинади. Катионли Полимерланишда ўсувчи занжир учидаги реакция га киришувчи ионлар мусбат зарядли бўлади. Изобутилен, пропилен, метилстирол, винилалкил эфирлар, изопрен ва ҳ. к. мономерлар катионли Полимерланишга осон киришади. Катионли Полимерланишни паст т-рада амалга оширишда катали-заторлар билан комплекслар ҳосил қилувчи сокатализаторлар (сув, протон кислоталар, спиртлар, галогеналкиллар, эфирлар ва ҳ. к.) ишлатилади.

Цианид винилиден, нитроэтилен, акрилонитрил, метакрилонитрил, акрил ва метакрил эфирлар ва ҳ. к. анионли Полимерланишга осон киришади. Координацион-ионли Полимерланиш олинаётган маҳсулотларнинг хоссаларини аниқ текширишга имкон беради. Бутун дунёда ишлаб чикариладиган полимерларнинг 3/4 га яқин қисми Полимерланиш жараёни асосида олинади.

Ад.: Асқаров М. А., Жалилов А. Т., Рашидова С. Ш., Трубицына С. Н ., Регулирование процесса радикальной полимеризации, Т., 1975; Исмоилов И. И., Рафиков А. С, Донорно-ак-цепторный механизм полимеризации, Т., 2003.

Исроил Исмоилов.