Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

ПОПЛИН

ПОПЛИН (итал. papelino — папага тегишли; дастлаб, Авинтонда рим папаси қароргоҳида олинган, деб тахмин қилинади) — кўндаланг қавариқ йўллари бор полотно ўрилишли (қ. Ўрилиш) газлама. Кўндаланг қавариқ йўллар ингичка танда ипларининг йўғонроқ арқоқ иплари билан ўрилишидан ҳосил бўлади. Поплин асосан пахта толаларидан ёки кимёвий толалардан, баъзан, табиий ипак (танда) ва жун (ар-қоқ)дан тўқилади. Поплиннинг танда бўйича зичлиги (қалинлиги) арқоқ бўйича зичлигидан 1,5—2 марта юқори бўлади. Поплин оқартириб, сидирға бўялиб ва гул босилиб ишлаб чиқарилиши мумкин. Поплиндан блузалар (камар боғлаб кийиладиган кенг уст кўйлак), эркаклар кўйлаги ва б. тикилади.

Prev Article

ПОП-АРТ

Next Article

ПОП-МУСИҚА