ПРЕЗИДЕНТЛИК БОШҚАРУВИ — фавқулодда ҳолатлар жорий этилганда давлат бошқарувида қўлланиладиган вақтинчалик бошкарув шакли. У, асосан, федератив тузилишдаги давлат бошқаруви (мас, АҚШ, Ҳиндистон)да қўлланилади. Субъектлар федерал конституция ёки қонунларни, ҳукуматнинг қонуний талабларини бузганда, инсон ҳуқуқлари поймол этилганда, жиддий тартибсизликлар рўй берганда, федератив давлатнинг ягоналигига хавф солинганда, кучли зилзила, сув тошқинлари ва ш. к. да амалга оширилади. Президентлик бошқаруви давлат бошлиғининг махсус фармони (декрети) б-н эълон қилинади. Президентлик бошқаруви пайтида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ваколатлари тўхтатилади, уларнинг вазифасини бажариш президент тузадиган орган ёки президент тайинлаган мансабдор шахс зиммасига юкланади.