ПСОРИАЗ (юн. psoriasis — қичима) , қипиқли темиратки — юқмайдиган сурункали тери касаллиги. Мод-далар алмашинуви (хусусан, ёғ ва углевод алмашинуви), нерв ва эндокрин система фаолиятининг бузилиши, тонзиллит, гайморит, холецистит, аднек-сит ва б. оқибатида келиб чиқиши, «суяк суриши» мумкин. Кўпинча бошнинг сочли қисми, тизза, тирсак ва қўл-оёқ юзасида пайдо бўлади. Дастлаб терида майда, пушти ёки қизғиш тугунчалар ҳосил бўлиб, уларнинг усти қипиқланувчи оқиш, кумуш ранг пўстлоқб-н қопланади. Тугунчалар аста-секин катталашиб, бир-бирига қўшилиб кетади. Касаллик зўрайганда Псориаз тошмалари баданни бутунлай эгаллаб олади (псориатик эритродермия); бунда бемор ўзини ёмон ҳис қилади, иситмалайди, лимфа тугунлари катталашади.
Псориазнинг баъзи турида тирноқ, бўғимлар ҳам зарарланиб, шакли ўзгаради, қаракат қилганда қаттиқ оғрийди, тирноқ юзаси қалинлашиб, хира тортади (қушлар тирноғига ўхшаб қолади). Касаллик, одатда, куз ва қиш ойларида қўзғаб, ёзда бир оз енгиллашади (ремиссия). Асабийруҳий шикастлар, спиртли ичимликлар ичиш, қувватсизланиш, парҳез бузилиши натижасида Псориаз тошмалари қайтадан пайдо бўлади. Тери касаллигига хос белгилар кўзга ташланганда, албатта, врачга учрашиш ва унинг кўрсатмаси бўйича даволаниш лозим. Махсус даво тадбирларидан ташқари, сут-ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган парҳез таомлар, хусусан, тўла беморларга творог, ўсимлик мойи, витаминга (А, В, С) бой овқатлар тавсия этилади. Псориазнинг хили ва кечиш даврларига қараб врач буюрганда иқлим билан даволаниш яхши наф беради.