ПУРКАШ — қ. х. экинлари ҳамда ўрмонзорларни зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишда махсус пуркагичлар билан пестицид эритмаларини сепиш, шунинг-дек, дефолиация ва десикация қилиш усули. Пуркаш учун турли хил препаратларнинг сув ёки бошқа эритувчилардаги эмульсия ва суспензияларидан фойдаланилади. Пуркаш учун олинган суюкликлар барқарор ва ёпишқоқ бўлиши, ишлов берилган сатҳни бир текисда ҳўллаб тарқалиши керак. Суюқ препаратларнинг ёпишқоклиги ва сатхда ушланиб туриш даражасини ошириш учун уларга ҳар хил мойлар (қурийдиган глицеридлар, кальций сульфати ва б.) қўшилади. Пуркаш муддатлари зараркунанда ва касаллик қўзғатувчиларнинг биологик хусусиятлари ҳамда об-ҳаво шароитига қараб белгиланади. Пуркаш чангитишга нисбатан бир қатор афзалликларга эга: ишлов берилган сатхда препаратнинг бир текисда тақсимланиши ва ёпишиб ушланиб туришини таъминлайди; об-ҳаво шароитларига камроқ боғлиқ бўлади. Кучли шамол пайтида Пуркаш мумкин эмас, препарат четга учиб, муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлади; ҳаво ҳарорати 27° дан юқори бўлганда Пуркаш ўсимликларни куйишга олиб келади. Шунинг учун Пуркашни эрта билан ёки кечки салқинда ўтказиш тавсия этилади. Иссиқиқлим шароитида самолётлар билан кичик ҳажмли Пуркаш ман қилинади.