ПЁТР I ТИЗМАСИ

ПЁТР I ТИЗМАСИ — Тожикистондаги тоғ тизмаси, Сурхоб ва Обихингов дарёлари оралиғида. Ғарбда Яфуч қишлоғидан бошланиб, шарқда Сомониён чўққисигача 200 км га чўзилган. Шарқда Дарвоз ва Фанлар академияси тизмалари билан туташиб, Гармо тоғ тугунини ҳосил қилади. Тизманинг баландлиги ғарбда 5000 м дан шаркда 6000 м гача (энг баланд жойи 6785 м). Асосан, қумтош ва конгломератлардан таркиб топган. Қор чизиғи ҳам шу йўналишда 4000 м дан 4500 м гача ўзгаради. Шим. ён бағрида 29 та музлик (умумий майд. 385 км2), жан. ён бағрида 16 музлик (майд. 123 км2) бор. Улардан энг кат-талари Сағрон, Гандо музликлари.

Вахш дарёсининг асосий ирмоқлари Сурхоб ва Обихингов дарёлари шу музликлардан бошланади. 700—900 мм ёғин тушади. Янв. нинг ўртача т-раси —6°, —12°, июлники пастрокда 22°, тоғ тепаларида 10°.