ҚАБР

ҚАБР, гўр — марҳумни дафн этиш учун тайёрланган махсус жой. Қабр ҳар бир халқнинг урф-одати, яшайдиган географик муҳити, кишиларнинг табиийилмий тасаввурлари, диний эътиқодларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Ўликларни кўмадиган халқларда, жумладан, ўзбекларда ҳам Қабрнинг лаҳад, камин, тик чуқур ва сағана типлари бор. Аксарият ер ости сувлари чуқур бўлган қурғоқ жойларда лаҳад қазилади. Лаҳад типидаги Қ. Ўзбекистонда бундан 3500 йил илгариги жез даври қабристонларида ҳам учрайди.

Қ тайёрлаш учун ердан бир м3 чамаси тик чуқур — «айвонча» қазиб, унинг бир бурчагидан ўлик бўйи баравар горизонтал кавак — «лаҳад» кавланади, тупроғи ташқарига олинади. Улик қўйилаётганда гўрков лаҳад ичига тушиб, ўликнинг бош томонини қибла (ғарб)га қаратиб ётқизади. Лаҳаднинг тешигига ғишт, тош, гувала, чим қалаб бекитилади, сўнгра «айвонча» тупроқ билан тўлдирилади. Ортиб қолган тупроқ Қабр устига тепа қилиб уйилади. Камин (ёки камгоҳ) типидаги Қабрда ер бир метрдан ортиқ тик ва чўзинчоқ ўра қилиб қазилади. Ўра девори остки ёнидан учбурчак шаклида ўйилади. Ўлик шу камин (камгоҳ)га қўйилади. Камгоҳ оғзи ғишт, гувала ва бошқалар билан бекитилади, сўнгра Қабр тупроқ билан тўлдирилади. Тик чуқур шаклидаги Қабрда ер ўлик бўйига тенг қилиб кавланади, ўлик чуқурга чалқанча ётқизилади. Қабр оғзига катта ясси тошлар зичлаб терилади, сўнгра устига тупроқ тортилади. Сағана, асосан, ер ости сувлари юза бўлган жойларда — Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида тарқалган, Сағанада ер қазилмайди. Ўлик ер юзасига қўйилади, унинг устига пишиқ ғиштдан гумбазсимон сағана бино қилинади. Қабр ларга қайтақайта ўлик қўйиш, баъзан бир оиланинг эркакларини бир Қабрга (олдин ўлганларнинг суякларини бир четга суриб, ўрнига янги ўликни сағанага) қўйиш одати бўлган. Хотинлар ҳам шундай тартиб билан қўйилган. Баъзи туркий халкларда, жумладан, ўзбекларда бой табақалар сағана қурдириб қўйиш одати бўлган (яна қ. Дахма).

Loading...