ҚАДИМГИ ФОРС ТИЛИ

ҚАДИМГИ ФОРС ТИЛИ — жан. ғарбий гуруҳга мансуб ўлик эроний тил. Ўрта форс тили, форс, тожик ва дари тиллари Қадимги форс тилининг бевосита давомчилари ҳисобланади. Дастлаб Эрон (Форс) нинг жан. ғарбида (ҳоз. Эроннинг Форс вилояти ҳудудида) тарқалган. Ахоманийлар сулоласига мансуб қадимий ҳукмдорлар учун она тили мақомида бўлган бу тил мил. ав. 6—4-асрларда Ахоманийлар давлатининг бутун ҳудудига ёйилган. Қадимги форс тили даги миххатлар ҳоз. Эрон, Туркия, Миср ҳудудларидан топилган ва матнларнинг барчаси элам, аккад, оромий каби тилларга таржимаси билан ёнмаён берилган.

Қадимги форс тилида диалектал тафовутлар бўлмаган. Фонетик хусусиятлари ўрта форс тилидагига ўхшаш. Тил қурилиши синтетик, флектив хусусиятга эга. Морфологик бирликларнинг 3 хил тури (ўзак морфемалар, аффиксал морфемалар, флексия) категориал маъноларни ифодалаган. Гапда сўз тартиби нисбатан эркин бўлган (улар, ўзаро бошқарув, мослашув, битишув усуллари билан бириккан). Лексикасида қадимий эроний (мас, мидия) ва ноэроний (мас, оромий) тиллардан ўзлашган сўзлар бўлган.

Қадимги форс тилининг ҳарфбўғинли ёзуви аккад тилининг бўғинли миххат алифбоси билан ўхшаш. Энг қадимий ёдгорликлари Доро I нинг мил. ав. 521—486 йиллардаги ёзув (битик)ларидир. Бу ёзувларни ўқишни 1802 йилда немис олими Г. Ф. Гротефенд бошлаб берган.

Ад.:Соколов С. Н., Древнеперсидкий язнк. В кн.: Основн иранского язнкознания. Древнеиранские язнки, М., 1979.

Анвар Исмоилов.

Loading...