ҚАДИМГИ ФОРС ЁЗУВИ — миххат турларидан бири; михсимон (понасимон) белгилардан иборат, бир қанча идеограммалар қўшилган бўғинли ёзув. Эронда мил. ав. 6—4-асрларда — Доро I давридан то Артаксеркс III давригача ахоманийларнинг битикларида қўлланган. Шаклан угарит, бобил миххатларига ўхшаса ҳам, келиб чиқиши жиҳатидан бевосита улар билан боғлиқ эмас.
Қадимги форс ёзувининг келиб чиқиши ҳақида 2 хил нуқтаи назар мавжуд;
1) Доро I нинг ўзи ёзиб қолдирган маълумотга кўра, Қадимги форс ёзуви узоқ тараққиёт натижаси эмас, аввал бошданоқ мукаммал ва яхлит бир ёзув бўлган; ушбу ёзувни шоҳнинг ўзи, эҳтимол, унинг олиммирзоларидан бири кашф этган. Бунда ёзув ихтирочиси бобил ёзувини ҳам, ғарбий сом бўғинли ёзувини ҳам билганлиги тахмин қилинади; 2) немис олими И. Гельбнинг фикрига кўра, Қадимги форс ёзуви бобил миххатидан бўғинли ёзувгача узоқ ривожланиш йўлини ўтиш натижасида пайдо бўлган. Немис олими И. Фридрих эса мазкур нуқтаи назарларга якун ясаб, Қадимги форс ёзуви 2 хил ёзув тизими (бобил миххати ва ғарбий сом бўғинли ёзуви) нинг номукаммал қўшилишидан келиб чиққан бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Ад.: Фридрих И., История письма, пер. с нем., М., 1978.