ҚАДИМГИ ХАЛҚЛАРДАН ҚОЛГАН ЁДГОРЛИКЛАР

«ҚАДИМГИ ХАЛҚЛАРДАН ҚОЛГАН ЁДГОРЛИКЛАР» (асл номи «Алосор ал боқия ан алқурун алҳолия») — Берунийнинг йирик энциклопедик асари. 1000—03 йилларда Журжон шаҳрида ёзилган ва Журжон ҳокими Қобус ибн Вашмгирга тақдим этилган. Асарда Ўрта Осиё халқлари, яҳудий, юнон ва бошқалар халқларнинг йил ҳисоблари, ҳайитлари, машҳур кунлари, ижтимоий, маданий ва илмий ҳаётининг тарихи, урф-одатлари, дунёқарашлари ҳамда Ўрта Осиёнинг араблар томонидан истило қилиниши ҳақида тўлиқ маълумотлар берилган. Унда олимнинг табиий фанларнинг турли соҳаларига, жумладан, астрономия, мат., физика, харитаграфия ва бошқалар фанларга оид кашфиётлари ўз ифодасини топган. Асар Европада 19аср нинг 2-ярмида маълум бўлган. Немис шарқшуноси Э. Захау 1876—78 йилларда асарнинг арабча матнини, 1879 йилда инглиз тилидаги таржимасини («Шарқ халқларининг тарихи» номи билан) нашр эттирган. Кўпинча илмий адабиётда «Хронология» деб ҳам аталадиган бўлган. Эронлик олим Сайрафий 1943 йилда Теҳронда форс тилида чиқарган. Асарнинг русча таржимаси 1957 йилда, ўзбекча таржимаси 1968 йилда Тошкентда Беруний «Танланган асарлари» туркумида (1жилд) Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти томонидан нашр қилинган.

Loading...