ҚАДРИЯТ

ҚАДРИЯТ — воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоийахлоқий, маданиймаънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган тушунча. Инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарсалар, мас, эркинлик, тинчлик, адолат, ижтимоий тенглик, маърифат, ҳақиқат, яхшилик, гўзаллик, моддий ва маънавий бойликлар, анъана, урф-одат ва бошқалар Қадрият ҳисобланади. Ижтимоий фанларнинг қайси соҳасида Қадриятга доир тадқиқот олиб борилган бўлса, бу тушунчага шу жиҳатдан таъриф беришга интилишган.

Ҳолбуки Қадрият аксиологияга хос категориядир. Қадриятни аксиология нуқтаи назаридан талқин қилиш уни категория сифатидаги моҳияти, мазмуни, объектив асоси, намоён бўлиш шакллари ва хусусиятларини ўрганиш имконини беради. Қадрият категорияси фақат буюм ва нарсаларнинг иқтисодий қимматини эмас, жамият ва инсон учун бирор аҳамиятга эга бўлган воқеликнинг шакллари, ҳолатлари, нарсалар, воқеалар, ҳодисалар. талаб ва тартиблар ва бошқаларнинг қадрини ифодалаш учун ишлатилади. Ижтимоий жараёнлар таъсирида кишиларнинг Қадриятлар тўғрисидаги қарашлари ўзгариб боради. Тарихий заруриятга қараб гоҳ у, гоҳ бу Қадрият ижтимоий тараққиётнинг олдинги сафига чиқади. Мас, юртни ёв босганида — озодлик, империя ҳукмронлиги ниҳоясида — истиклол, уруш даврида — тинчлик, тутқунликда — эркинлик, касал ёки беморликда — сиҳатсаломатликнинг қадри ошиб кетади. Қадриятлар ижтимоийтарихий тараққиёт маҳсули сифатида ўз тарихий илдизи, ривожи, ворислик жиҳатларига эга. Қадриятлар меҳнат, ишлаб чиқариш соҳасидаги фаолият, инсонлар ўртасидаги муносабатлар учун фойда келтирадиган нарсалар, ҳодисалар, хаттиҳаракатлар мажмуаси сифатида юзага келиб, айрим кишилар, ижтимоий гуруҳлар фаолияти, хаттиҳаракатини маълум йўналишга бурадиган, тегишли меъёрга соладиган маънавий ҳодисага айланади. Қадриятлар умумбашарий, миллий, шахсий бўлиши мумкин. Олам, табиат ва жамиятнинг энг муҳим томонларини, қонунқоидаларини, алоқадорликларини ифодалайдиган Қадриятлар умумбашарий хусусиятга эга. Бундай Қадриятлар ўз аҳамиятини йўқотмайдиган, абадий Қадрият лардир. Муайян бир элат, миллат, халқнинг ҳаёти, турмуш тарзи, тили, маданияти, маънавияти, урф-одат ва анъаналари, ўтмиши ва келажаги билан боғлиқ Қадриятлар миллий Қадрият лардир. Инсон, унинг фаолияти, турмуш тарзи, эътиқоди, умр маъноси, одоби, гўзаллиги билан боғлиқ Қадриятлар шахсий Қадрият лардир. Қадриятлар комил инсонни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қиём Назаров.

Loading...