ҚАЛАМ

ҚАЛАМ — 1) хат ёзиш, расм солиш, чизма чизиш учун ишлатиладиган чизмачилик қуроли; ёғоч ёки металл қобиқ ичига олинган мўрт (синувчан) материал (кўмир, қўрғошин, графит, қуруқ бўёқдан қилинган ўзак). Қадимда халқлар, шу жумладан, Шарқ халқларида хаттотлар сиёҳ билан ёзиладиган қамиш Қ. лардан фойдаланишган. Дастлабки Қ. Италияда қора сланец лойидан 14-асрда қилинган, графит Қ. 16-асрдан расм бўлган. Француз олими Н. Канте 1790 йилда графит стерженли ёғоч Қаламни ихтиро қилган. 19-асрнинг 2-ярмида механик (стержени қисиб қўйиладиган) ёки автоматик (стержени бураб чиқариладиган) Қалам пайдо бўлди ва 20-асрда кенг тарқалди. Қалам ўзагининг қаттиқлик даражаси бўйича юмшоқ (русча белгиланиши М), қаттиқ (Т) ва ўртача қаттиқ (МТ) турларга бўлинади. Қалам қора ва бошқалар турли рангларда саноат корхоналарида ишлаб чиқарилади. Қалам чизмачилик, рассомлик, лойиҳачилик, гримчилик, пардозандоз, дурадгорлик ва бошқалар соҳаларда ишлатилади;

2) сиртларга ўйиб гул (нақш) солишда ва ҳайкалтарошликда қўлланадиган металл асбоб.

Loading...