ҚАЛАМТАСВИР

ҚАЛАМТАСВИР — чизиклар асосида графика воситалари (қалам, перо, тушь ва бошқалар) ёрдамида яратиладиган тасвир, чизги (қ. Расм). Тасвирий санъат, амалий санъат ва меъморликда муҳим ўрин тутади: асарнинг асоси текис юза (қоғоз)да унинг тасвири (тарҳи)ни қаламда ишлаш билан бошланади. Қаламтасвирда соф чизиқли ва тонал расмлар ҳамда ҳар иккиси бирибири билан қўшилиб борлиқни реал акс эттиради. Қаламтасвирда бўлажак асарнинг тузилиши, буюм ва образларни фазода жойлашиши, кўриниш чегара чизиқлари, ўлчам ва нисбатлари белгилаб олинади. Қаламтасвир (чизиқли расмлар ва чизиқлар қоришмасидан ҳосил бўладиган тонал расмлар, нурсояли ҳажмга эга бўлган тасвирлар) ишлашда қаламнинг нурсиз ва тўқ қора туслари ҳамда улар орасидаги тусланишлардан унумли фойдаланиш орқали керакли самараларга эришилади. Натура билан тасвир ўртасида тўла ўхшашликка эришиш учун тасвирий санъатнинг ифода воситалари (композиция, перспектива, нурсоя, пропорция ва бошқалар)дан фойдаланилади. Аслига қараб тасвир ишлашда билим ва кўникма ҳосил бўлади. Қаламтасвир мустақил дастгоҳ санъати (портрет, манзара, натюрморт ва бошқалар) ҳамда қўшимча (йирик рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва бошқаларда ёрдамчи) манба вазифасини ўтайди. Тонал расмларда чизилган буюмларнинг тузилиши, фазодаги ўрни, юзасининг фактураси, кузатувчига нисбатан яқин ёки узоқлигини ҳам кўрсатиш мумкин.

Loading...