ҚАЛМОҚЛАР

ҚАЛМОҚЛАР, қалмиқлар (ўзларини хальмг деб аташади) — халқ, Қалмоғистоннинг асосий аҳолиси (146 минг кишидан зиёд); РФ да жами 166 минг киши (1990-й. лар ўрталари). Қалмоқ тилида сўзлашади. Диндорлари — буддавийлар; православлар ҳам бор. Мил. 1-минг йиллик ва 2-минг йилликнинг бошларида Қалмоқларнинг аждодлари (ойротлар), йирик сиёсий уюшмалар дунху, сянби, жужанлар, киданлар таркибига, 13—14-асрларда Чингизхон ва ворислари давлати таркибига кирган. 16-аср охири — 17-асрнинг 1-чорагида Қ Россия чегараларига, Волганинг қуйи оқими ва Каспий бўйларига кўчиб ўтиб, рус фуқаролигини олишган. Улар жойлашган ҳоз. ҳудудда асосий негизи ойротлардан иборат бўлган Қалмоқлар элати шаклланган. Қалмоқлар чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланади.