ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗ

ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗодам ва ҳайвонларнинг ички секреция бези. Қалқонсимон безнинг ривожланиши ҳомилалик даврида бошланиб, бола 1 ёшга етганда унинг вазни 1—2 г ни ташкил этади, ўсиш жараёнида у катталашиб 15—20 г гача етади. Қалқонсимон без эмбрион жабра халтачаси эпителийсидан ривожланади. Қалқонсимон без одам эмбриони тараққиётининг 8—9 ойида тўлиқ шаклланиб, гормон ажрата бошлайди, у бўйинда, ҳиқилдоқ тоғайлари соҳасида жойлашган; 2 палла ва бўйинчадан иборат. Қалқонсимон безни бир жуфт юқори ва бир жуфт пастки артериялар қон билан таъминлайди, симпатик ва парасимпатик нерв толалари иннервация қилади. У организмда модда ва энергия алмашинуви регуляциясида иштирок этувчи йодли гормон тироксин (Т4), трийодтиронин (ТЗ) ва тиреокальцитонин ишлаб чиқаради. Қалқонсимон без функциясини марказий нерв системаси, фаолиятини эса гипофиз бези бошқаради.

Гипофизнинг тиреотроп гормони Қалқонсимон без функцияси ва ривожланишини кучайтиради. Организмда Қалқонсимон безнинг аҳамияти жуда катта, у бош мия фаолияти, моддалар алмашинуви, суяк ўсиши, иммун системалар, жисмоний ва ақлий ривожланиш, жинсий етилиш жараёнлари, адаптация ва бошқалар реакцияларни таъминлайди. Бу без фаолиятининг бузилиши буқоқ, гипотиреоз, гипертиреоз ва бошқалар касалликларга олиб келади.