ҚАМИШЛИ МАДАНИЯТИ

ҚАМИШЛИ МАДАНИЯТИ — Сувёрган ва Калтаминор маданиятларидаги босқичлардан бири. 1954—55 йилларда Хоразм археологияэтнография экспедицияси томонидан текширилган. Хоразм воҳасида Амударёнинг қадимий Оқчадарё дельтаси бўйлаб тарқалган неолит маконлари туркумига киради. Қамишли маданиятида уйжой қуриш услуби (айниқса, чайлалар) жиҳатдан Калтаминор маданияти анъанаси давом эттирилган. Маконлар кўчки қум ва тўқайлар халақит берганлиги учун Оқчадарё дельтасидан олисга тарқалмаган. Кварцитдан ишланган тош қуроллар (пичоқсимон парраклар, камон ўқининг бодомсимон шаклда ишланган учлари, найза, пичоқ), чақмоқтош қуроллар ва қум аралаштирилган лойдан ясалган кенг қоринли, бўйни калта, елкаси бўртма гардишли хум ва бошқалар сопол буюмлар топилган. Қамишли маданиятига мансуб қабилалар деҳқончилик билан шуғулланган.

Prev Article

ҚАМИШЛИ