ҚАРАМОҒДА БЎЛИШ — фуқарони асосий яшаш манбаи ҳисобланган маблағ билан таъминланиши. Қарамоғда бўлиш пенсия таъминотида, боқувчининг ўлими туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлдиришда, айрим нафақалар ва компенсацияларни (мас, ходим бир жойдан бошқа иш жойига ўтганда) тўлашда, ходимлар сони ёки штат қисқартирилганда ишда қолдирилишда устунлик берилишида, мерос олиш ва бошқалар айрим ҳолларда аҳамиятга эга. Узбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуни (1993 йил 3 сентябр)га мувофиқ, вафот этган ходимнинг боқувида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эгадирлар. Қонун бўйича қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланади: а) болалар, акаукалар, опасингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган ҳолда (бунда акаукалар, опасингиллар ва набираларни меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса); б) ота-она, ўгай она, ўгай ота, хотин, эр — башарти улар пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар; в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота-онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, акаука ёки опасингил — агар у вафот этган боқувчининг болалари, акаукалари, опасингиллари ёки набираларини ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса; г) бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса. Боқувчи билан бирга яшаш Қарамоғда бўлишни эътироф этишнинг шарти ҳисобланмайди. Қонунга кўра, марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган оила аъзолари, бу ёрдам улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳумнинг қарамоғида турган деб ҳисобланадилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (2005 йил 11 фев.)да боқувчининг вафоти сабабли зарарни тўлаш тартиби кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, ходим меҳнат жароҳатига боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз, шунингдек, 16 ёшга тўлмагаН шахсларга ёки марҳум вафот этган кунгача ундан нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан сўнг туғилган фарзандига, шунингдек, отаоналаридан бирига, умр йўлдошига ёки оиласининг ишламайдиган ва вафот этганнинг 3 ёшга тўлмаган болалари, укалари, сингиллари ёки набиралари парвариши билан банд бўлган бошқа аъзосига зарарни тўлаши шарт (яна қ. Пенсиялар).
Анвар Иноятов.