ҚАРҒАЛАР — қарғасимонлар оиласига мансуб 2 тур: кулранг Қарғалар ва қора Қарғаларнинг умумий номи. Баъзан 1 турнинг 2 кенжа тури сифатида қаралади. Уз. ўртача 47 см. Кулранг Қ пати кулранг ва қора; қора Қарғалар ники — фақат қора бўлади. Бу 2 тур ареали чегарасида оралиқ тусли гибрид формалар ҳам учрайди. Қора Қарғалар Европа ва Осиё ғарбида ва Шим. Америкада; кулранг Қ. Евросиёнинг бошқа ҳудудлари ва Шим. Африкада тарқалган. Ўрмонлар, хиёбонлар, баъзан қамишзорларда уя қуради. Кулранг Қарғалар ҳар хил муҳитга мослана олиши ва мураккаб хулқ-атвори туфайли шаҳарларда кўп учрайди. Айрим жойларда ўрдаклар ва бошқалар қушлар уясидаги тухумлари ва болаларини еб, бирмунча зиён етказади.