ҚАРИНДОШЛИК

ҚАРИНДОШЛИК (ҳуқуқда) — инсонлар ўртасида қон жиҳатдан ўзаро боғлиқлик, алоқадорлик. Кишилар ўртасида қонқариндошлик ва уруғаймоқлик алоқаларининг мавжудлиги муайян ҳуқуқий оқибатлар юз беришига (ҳуқуқлар ва мажбуриятлар пайдо бўлишига) сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасининг ОиЛа кодексида Қариндошлик тушунчасига таъриф берилган. Ушбу кодекснинг 57-моддасига кўра, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. 2 шахс ўртасида тўғри шажара бўйича Қариндошликнинг яқинлиги Қариндошлик даражаси билан белгиланади. Тўғри шажара бўйича Қариндошлик ўзаро фарқланади.

Ўзбекистон оила ҳуқуқи бўйича, Қариндошлик муносабатларининг мавжудлиги ўзаро шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятларни юзага келтиради (ота-оналарнинг ўз фарзандларига бўлган ҳуқуқи, алимент ҳуқуқ ва мажбуриятлари, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ қайд этилмаслиги ва ҳ. к.). Фуқаролик ҳуқуқида Қариндошлик ота-онанинг ўз вояга етмаган фарзандларига қонуний вакиллик қилиши ҳуқуқлари ва мажбуриятларини келтириб чиқаради. Ворислик муносабатлари қонун бўйича мерос очилган ҳолларда Қариндошлик алоқаларига кўра тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 68бобида (1134 — 1157-моддалар) қонун бўйича ворислик муносабатлари ва уларни тартибга солинишига доир қоидалар белгиланган. Ушбу қоидаларга кўра, қонуний ворислик Қариндошликнинг даражаси (ворислик навбатлари)га асосланади. Шунга кўра, Қариндошлик алоқаларининг яқинузоқлилигига қараб ворисликнинг бешта навбати белгиланган. Олдинги навбатда турган ворисларнинг йўқлиги, уларнинг меросдан воз кечиши ёки маҳрум этилганлиги навбатдаги ворисларга мерос олиш хуқуқини беради.

Қариндошлик меҳнат ҳуқуқида ҳам аҳамиятлидир. Мас, 16 ёшга тўлмаган ўсмирларни ишга қабул қилиш учун унинг отаси ёки онаси ёзма розилик бериши лозим (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддаси). Якин Қариндошлик алоқасида бўлган шахсларнинг битта давлат корхонасида бирга ишлашлари тақикланади (Меҳнат кодексининг 79-моддаси). Бу қоидадан истиснолар Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати томонидан белгиланиши мумкин. Ота ёки она хавфли меҳнат шароитида ишлаётган ўз фарзандини ишдан бўшашини талаб қилиши мумкин (Меҳнат кодексининг 247-моддаси).

Қариндошлик алоқалари ижтимоий таъминот ҳуқуқида ҳам аҳамиятга эга. Бунда боқувчисини йўқотганлик пенсияси, ижтимоий нафақаларнинг айрим турларини тайинлаш чоғида (қ. Қарамоғда бўлиш) марҳум боқувчи шахс билан унинг қарамоғида бўлиб келган вояга етмаганлар ўртасида Қариндошликнинг мавжудлиги асос қилиб олинади (Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси). Қариндошлик бошқа ҳолларда ҳам ҳуқуқий аҳамиятга эга.

Шоира Йўлдошева.

Loading...