ҚАРСАК ЎЙИН

ҚАРСАК ЎЙИН — ўзбек халқ рақслари туркуми. «Беш қарсак» ва «Майда қарсак» бўлимларидан иборат. «Майда қарсак», ўз навбатида, «Якка қарсак», «Қўш қарсак» ва «Тез» (ёки «Узма») номли ўйинларни ўз ичига олади. Унда қарсаклар билан ҳосил қилинадиган усул, байт, бир овозда айтиладиган яллалар ва рақс ҳаракатлари бирлашади. Кўп жойларда ижрочилар ёнмаён турган ёки ўтирган ҳолда давра ёки ярим давра ҳосил қилиб, ўртадаги ўйинчига ҳамоҳанг бўлиб, усулга мос чайқалиб турадилар. «Майда қарсак» бўлимлари бир-биридан ажратилмасдан яхлит ижро этилади. Ҳар бўлимда ўнлаб халқ куйлари бўлади, бироқ бир хил қарсак усули билан олиб борилади. 2бўлимга ўтгач, қарсак ритми ўзгариб, рақс ҳаракатларини янгилайди. «Беш қарсак» ёнмаён туриб давра ҳосил қилган ҳолда маълум суръат ва усулда уриладиган беш қарсак (311) ва айрим хитоблар воситаси билан ўйналадиган оммавий рақсдир. Унинг катта давраларида 20 ва ундан зиёд киши иштирок этади. Улар бир темпда қарсак уриб туриш билан бирга у ёнбу ёнга чайқалиб, ўтирибтуриб, букилиб ва айни вақгда ён билан ўнг томонга ҳаракатланиб ўйнайдилар. Ўйинда речитативсимон байтлар бўлиб туради. Даврадаги ўйинчининг ҳаракатлари шиддатли ва жанговар бўлади. У кўпроқ қўл, бел, елка, кўкрак ҳаракатларини ишлатади, юзида сонсаноқсиз ифодалар ҳосил қилади, гоҳ букилиб, гоҳ ғоз туриб, гоҳ чўккалаб ўйнайди. Баъзан «Беш қарсак»да ичмаич икки ҳалқа давра ҳосил қилинган, икки ўйинчи куч синашган. Даврадаги қарсакчилар ҳам, ўйинчилар ҳам бадиҳагўй — импровизатор бўлишган. Қарсак ўйиннинг элементлари овчилик ва зардуштийлик билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлиб, борабора маданийлашган ва базмларда кўрсатиладиган томошага айланган. 14—16-асрларда у сарой базмларини ҳам безаган. Қарсак ўйин тахминан 18-аср охири — 19-аср бошида 2 га бўлиниб кетган: «Майда қарсак» тобора кенгроқ ҳудудни эгаллаб, водий маданиятининг бир қисмига айланиб боради. «Беш қарсак», асосан, тоғли туманларда сақланган. Қарсак ўйин Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида сақланиб келмоқда. Кўп жойларда (мас, Ургутда) «Майда қарсак»нинг ўйин ва ашулалари бадиий ҳаваскорлик учун ижод ва репертуар манбаидир. «Баҳор» ва «Шодлик» ансамблларининг баъзи рақсларида Қарсак ўйин анъаналарини кўрамиз.

Муҳсин Қодиров.

Prev Article

ҚАРОҚЧИТОҒ

Next Article

ҚАРЧИҒАЙЛАР