ҚАРШИ ҚАМАЛИ

ҚАРШИ ҚАМАЛИ (1512 йил) — сафавийлар қўшини ва Бобур лашкарлари томонидан шаҳарни қамал қилиниши. Сафавийлар қўшинига шоҳ Исмоил I, вазири амир Нажми Соний қўмондонлик қилган. Бобур шайбонийларга қарши туришга ожизлик қилгач, Исмоил I дан кўмак сўраган ва бу қўшин (60 минг киши) билан юртига қайтган (1512 йил сентяброкт.). Қарши ҳокими Шайхим мирзо (Убайдуллахоннинг тоғаси) шаҳарни қаттиқ ҳимоя қилган. Бундан ғазабланган шиа лашкарбошиси Нажми Соний шаҳар қўлга олинса қатли ом этишга қарор қилади. Тарихчиларнинг ёзишича, Бобур ва ҳатто қизилбошлилар амирлари ҳам шаҳар ичида ҳазрат Али авлодига мансуб саййидлар борлигини айтиб Нажми Сонийдан қатли ом ўтказмасликни илтимос қилишларига қарамасдан Қарши эгаллангач, 15 минг киши қиличдан ўтказилган (шоир Биноий ҳам шу қирғинда ҳалок бўлган). Мовароуннаҳр аҳолиси бундан ғазабланиб қизилбошлилар қўшинига қарши оёққа турган. Ғиждувон жангида (1512 йил 12 нояб.)ги мағлубиятдан сўнг қизилбошлилар қўшини Мовароуннаҳрни тарк этган.

Loading...