ҚАРШИЛИК КЎРСАТИШ ҲАРАКАТИ

ҚАРШИЛИК КЎРСАТИШ ҲАРАКАТИ — 2-жаҳон уруши даврида Германия, Италия, Япония босқинчиларига, уларнинг иттифоқчилари ва маҳаллий сотқин агентларига қарши антифашистик миллий озодлик ҳаракати. Қаршилик кўрсатиш ҳаракати фашистларга қарши ташвиқоттарғибот, иш ташлаш, босқинчилар маъмуриятига хизмат қилувчи ходимлар, Ватан хоинларини ўлдириш, партизанлик кураши ва умумхалқ қуролли қўзғолонлари шаклида олиб борилиб, Югославия, Франция, Италия, Польша, Чехословакия, Греция, Албания, Хитой, Вьетнам, Корея, Индонезия, Филиппин, Бирма ва бошқалар мамлакатларда кенг тус олган.

Ўзбекистонлик кўплаб жангчилар Марказий ва Ғарбий Европа мамлакатларидаги Қаршилик кўрсатиш ҳаракати сафларида фаол қатнашганлар. Югославия ва унга яқин ҳудудларда 260 нафар ўзбекистонлик фашизмга қарши жангларда иштирок этган. Фашизмга қарши умумхалқ курашига қўшилган Р. Раҳимов, Н. Амиров, Ҳ. Жабборов, Ҳ. Исмоилов (Франция), А. Мамажонов, Т. Қўчқоров, Ш. Саматов, О. Бердиев (Италия) кабиларнинг қаҳрамонликлари унутилмайди.

Қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг фашистлар блокини тормор келтиришдаги аҳамияти катта бўлди. Бу ҳаракат анъаналаридан жаҳон халқлари Ер юзида тинчликни сақлаб қолиш учун унумли фойдаланмоқдалар.

Prev Article

ҚАРШИ ЧЎЛИ

Next Article

ҚАРҚАРАЛАР