ҚАШҚАДАРЁ ТЕАТРИ

ҚАШҚАДАРЁ ТЕАТРИ, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри — Ўзбекистондаги дастлабки профессионал театрлардан бири. Қарши ва Шаҳрисабз ҳаваскорлик жамоалари асосида Қарши туман маориф мудири А. Шоибзода ва созанда А. Қодиров томонидан 1932 йил 2 авг. да ташкил топган. 1936 йил давлат театри мақоми, 1943 йилда атоқли хонанда Тўйчи Ҳофиз Тошмуҳамедов номи берилган. Дастлаб труппада Н. ва Ж. Сатторовлар, С. Ҳусанов, Н. Остонов, С. Рўзиева, М. Вафоева, М. ва Ж. Жалиловлар, Т. Мельникова (Лола) ва бошқалар ишлаган. У. Раҳимов билан А. Болтаев реж. лик қилган. Театрнинг шаклланишида «Тормор» (К. Яшин), «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид; Ш. Шоумаров, Тўйчи ҳофиз, Ю. Ражабий мусиқаси), «Ғунчалар» (3. Фатхуллин), «Нурхон» (К. Яшин; Т. Жалилов) спектакллари муҳим роль ўйнади. 50-й. лар ўрталарида реж. Д. Заикин, актёрлар А. Тўлаев, СПўлатов, Н. Холматовлар билан мустаҳкамланди, мумтоз драматургияга, миллий мавзудаги йирик асарларга мурожаат этишга имкон яратилди. «Уйланиш» (Н. Гоголь), «Отелло» (У. Шекспир), «Алишер Навоий» (Уйғун, И. Султон), «Ҳуррият» (Уйғун), «Оғриқ тишлар» (А. Қаҳҳор) каби спектакллар бунга мисолдир. 60-й. ларда А. Отақулов, Х. Мустафоқулов, А. Тўлаев, Қ. Ҳакимовлар бош реж. бўлиб ишлаган. 1966 йил Фарғона вилоятида, 1967 йил Тошкентда гастролда бўлган.

70-й. лар бош реж. — Қ. Йўлдошев, бош дирижёр — Ф. Комилжонов, Ўзбекистон халқ артисти М. Носирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Х. Мустафоқулов, Ё. Ражабов, М. Маматов, Ж. Ашуров, Г. Муродов, М. Файзуллаева, Х. Ибрбҳимова, АТўлаевларнинг ижодий фаолияти туфайли Қашқадарё театри вилоят театрлари орасида нуфузли ўринлардан бирини эгаллади. «Ўжарлар» (Ж. Жабборов; Ик. Акбаров), «Она» (Уйғун), «Эзоп» (Фигейреду), «Хасис баҳодир» (А. Пушкин), «Майна Ҳасанова» (Адҳам Раҳмат) каби турли жанрлардаги эътиборли спектакллар яратилди.

80-й. лар Қашқадарё театри ҳаётида мураккаб давр бўлди. Шу давр бошида (1981) театр репертуаридан «Гавҳари шамчироқ» (С. Улуғзода; А. Муҳамедов), «Ғариблар» (А. Дельмар), «Ҳийлаи шаръий» (Гунтекин), «Тошкентнинг нозанин маликаси» (Ҳ. Муҳаммад), «Тўйдан олдин томоша» (Ж. Жабборов; Ик. Акбаров) каби спектакллар ўрин олган. 1986 йил бошида театр янги бинога кўчиб ўтди. Бош реж. бўлиб ишлаган А. Абдуназаров, Б. Назаров, таклиф қилинган М. Равшанов, М. Хачатуров анча пасайиб қолган театр мавқеини тиклашга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Театр ёш актёрлар ҳисобига мустаҳкамланди.

1988 йил 4 октябрда реж. Абдураҳмон Абдуназаров бошчилигида бир гуруҳ ёш актёрлар вилоят театридан ажралиб чиқиб, «Мулоқот» театрстудиясини ташкил этдилар. Театр «Темир хотин» (Ш. Бошбеков) спектакли билан очилган. Унинг «Жононга бордим бир кеча» (комедия), «Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари» (трагедия), «Майли сайланг» (сатира) пьесаларидан тузилган «Ҳамзанинг номаълум театри» асари ёш ижодкорларнинг миллий театрнинг унутилган анъаналарини тиклаш, саҳнавий талқинларда томошабинларга бевосита таъсир этувчи замонавий воситаларни ишга солишдан иборат ҳаракатидан гувоҳлик берди. Театр республика, халқаро фестивалларда 1-ўринни олди. Кейинги спектаклларидан «Бахтиёрни уйлантирамиз» (Э. Собиров) фольклорэтнографик томошаси, «Гуля+Эдик» (М. Байжиев) алоҳида ажралиб туради.

Кейинги йилларда Қашқадарё театрида «Тикансиз типратиканлар» (Ш. Бошбеков), «Сеҳрли узук» (М. Халил), «Туҳматчилар жазоси» (Ҳамза), «Соҳибқирон» (А. Орипов), «Бир кам дунё» (Т. Юнус), «Ажабгул ва Ражабгул» (Ш. Пардаев), «Бир ўлиб кўрайчи» (Х. Хурсандов), «Руҳлар исёни» (Э. Воҳидов) каби турли жанрда кўплаб миллий асарлар саҳналаштирилди.

Умуман, мустақиллик даврида Қашқадарё театри миллий репертуарга, драматурглар билан янги асарлар устида ишлашга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Ҳусан Амирқулов, О. Исмоилов, М. Тўрақулов, С. Қорабоев, Х. Исроилова, Ҳақберди Амирқулов, А. Рўзиева, Б. Элмуродов, Э. Шодиев, Қ. Бердиев, М. Шоймардонов, Р. Мустафоева, Ф. Самиева, Н. Боймуродова, Т. Жалилов, Ш. Омонов, Ҳ. Остонова, А. Бобомуродова ва бошқалар етакчи актёрлардир. Бош реж., бош рассом — Азамат Сатторов.

Муҳсин Қодиров.