ҚАШҚАДАРЁ

ҚАШҚАДАРЁ (қуйи оқимида М а й маноқдарё) — Қашқадарё вилоятидаги дарё. Ҳавзасининг майд. 12 минг км2. Дарё Тожикистоннинг Суғд вилоятидаги Ҳисор тизмасининг ғарбий тармоғи бўлган Обихунда тоғларининг шим. ён бағридан, Товтош довонидан 1,5 км шим. шарқда, 2960 м баландликдан бошланади. Дарё ўнг ирмоғи Ўртабулоқнинг (Фороб қишлоғи ёнида) қуйилишигача Шинчасой деб аталади.

Юқори оқимида баланд плато бўйлаб чуқур водийда оқади. Дарё водийсининг бош қисми кўп жойларда тор. Водий ён бағирлари кўпинча тик, бал. 50—120 м. Ярғак ирмоғи қўшилгандан сўнг водий бир оз (100—200 м) кенгаяди. Шу ердан дарёда қайир пайдо бўлади (эни 100 м, Дуғоба қишлоғи). Чироқчидан пастроқда Ҳазратибашир қишлоғидан бошлаб дарё суви ариқ ва каналларга олинади. Қашқадарёга серсув бир қанча ирмоқлар: Жиннидарё, Чироқчидан 18 км юқорида Оқсув, Танҳоздарё, Ғузордарёлар қуйилади. Бу ирмоқлар юқори оқимида чуқур ва тор водийда оқадиган типик тоғ дарёларидир.

Қашқадарёнинг ўнг соҳил томонидан унча баланд бўлмаган Қоратепа тоғининг жан. ён бағридан 20 га яқин сой (Шўробсой, Макридсой, Оёқчисой, Қалқамасой ва бошқалар) оқиб тушади. Тоғликдан текисликка чиққач, дарё водийси кенгаяди. Шу ердан дарё суви бутунлай суғоришга олинади. Қарши чўлига етганда дарё тугайди. Қор, ёмғир сувларидан тўйинади. Ўртача йиллик сув сарфи Варганза қишлоғи ёнида 14,1 м3/сек. дан (кўп сувли йилда) 1,45 м3/сек. гача (кам сувли йилда). Чироқчи қишлоғи ёнида йилдаги энг кўп сув сарфи 781 м3/сек. дан (кўп сувли йилда) 21,4м3/сек. гача (кам сувли йилда) бўлади.

Йиллик оқимининг 64% март — июнь, 11,7% июльсент., 24—27% октябр — фев. ойларида оқиб ўтади. Йиллик энг кўп сув сарфи кўпроқ жала ёмғирлари ҳисобига тез ўзгариб туради. Шунга кўра, тўлинсув даври (фев. — июль) сел тусини олади. Дарё ҳавзасидаги ерларни сув билан таъминлашни яхшилаш мақсадида Чимқўрғон сув омбори, Зарафшон дарёсидан ҳавзага сув келтириш учун Эски Анҳор ва Қарши магистрал каналлари қурилган.

Юрий Иванов.

Next Article

ҚАШҚАДАРЁ