ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТ ЎЛКАШУНОСЛИК МУЗЕЙИ — маданий-маърифий муассаса. 1975 йилда Қарши шаҳрида ташкил этилган. Музейда тарих, халқ амалий санъати, табиат, хотира ва қадрият бўлимлари бор. Музей фондида 20 мингдан зиёд нумизматика, археология, тасвирий ва амалий санъат асарлари, тарихий ҳужжатлар, нодир қўлёзмалар, китоблар, маиший ва этнографияга оид экспонатлар мавжуд (2005). Музей илмий текшириш ишлари олиб боради, фондини бойитади, китоб, каталоглар нашр этади; жумладан, Римда француз тилида чоп этилган «Қарши ўлкашунослик музейидаги шарқ қўлёзмалари каталоги» (2004, 50 дан ортиқ қўлёзмалар ҳақида маълумотлар бор) ва бошқалар Мустақиллик йилларидан Қашқадарё иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаёти соҳасида қўлга киритилган ютуқлар, фан тараққиётини намоён этувчи экспонатлар билан бойитилмоқда.
Музей ноёб картиналар тўплами ҳамда нодир қўлёзма китобларга эга. Мас, нодир қўлёзмалар орасида Тафтазонийнинг «Тахзийб алмантиқ валкалом» асарига, Насафийнинг «Ақоид анНасафий» асарига ёзилган шарҳлар ва бошқалар.