ҚАШҚАДАРЁ ВОДИЙСИ — Қашқадарё вилоятидаги водий. Зарафшон тизмасининг жан. ғарбий тармоқлари оралиғида. Водий бўйлаб шим. шарқдан жан. ғарбга Қашқадарё оқиб ўтади. Водий Ҳисор тизмасининг жан. ғарбий ён бағридан бошланиб (энг баланд жойи 4145 м) Қарши чўлигача 310 км га чўзилган. Водий, асосан, текисликдан иборат бўлиб, ғарб ва жан. ғарбга пасайиб ва кенгайиб боради. Қашқадарё водийси Қашқадарёнинг 1—5 террасаларини эгаллаган, бу террасалар тўртламчи давр пролювиалаллювиал ётқизиқлари билан қопланган. Водийда унча баланд бўлмаган қолдиқ тоғлар (Қўнғиртов, Косонтоғ, Майманоқтов, Аловиддинтов) бор. Қ. в. жанубда жойлашгани учун иқлими қуруқ ва иссиқ. Янв. нинг ўртача т-раси Г, июлники 28 — 29°; энг паст т-ра —25°, —29°, энг юқори т-ра 46—47°. Ёғин миқдори рельеф баландлашган сари ортиб боради; текислик қисмида 200 мм, тоғ ён бағирларида 450—500 мм. Ёғиннинг кўп қисми қиш ва баҳор фаслларига тўғри келади. Водий тупроғи, асосан, бўз тупроқ, текислик қисмида оч бўз тупроқ, тоғлик ва баландликлар билан туташган қисмида типик бўз тупроқдир.
Ўсимлик қоплами хилмахил. Илак, ранг, қўнғирбош, ялтирбош, момиқ, шувоқ, қўзиқулоқ, бодом, қизилча ва бошқалар кенг тарқалган. Ҳайвонлар ва қушлардан майна, кўкқарға, каклик, япалоққуш, жаира, юмронқозиқ, тулки, чиябўри, қобон ва бошқалар учрайди. Қашқадарё водийси тоғ ён бағирлари чорвачилик учун қулай яйлов, текислик қисми деҳқончилик учун серунум. Водийда табиий газ, қурилиш материаллари конлари, минерал сувлар ва бошқалар бор.