ҚАШҚАРБОЛДОҚ — ҳалқа шаклидаги исирға тури (қ. Болдоқ). 18-асрда Фарғона водийсига Қашқардан кўчиб ўтганлар келтирган. Қашқарболдоқнинг маҳаллий анъаналарга яқинлиги уни тез тарқалишини таъминлаган. Олтин ва кумушдан тайёрланадиган ҳалқанинг қуйи қисмидан ўртасигача нозик сим (гулли) панжаралар ишланиб, маркази майда зиғирак (ёки майда марварид) лар билан гулшакллар ҳосил қилиб тўлдирилади, баъзан феруза кўзлар, олтин япроқчалар билан бойитилади.
Ҳалқанинг қуйи қисмидаги панжарасимон гули ҳилол (янги ой)ни эслатади. Қашқарболдоқнинг чиройли шакли, нафис шабака гуллари, тилла ва марваридлар жилоси, заргарона ишланиши буюмга жозибадорлик бахш этади. Безакларни турли шакл ва ҳажмда ишлаб, буюмнинг янги кўринишлари яратилади.