ҚАТАР

ҚАТАР, Қатар Давлати (Давлату Қатар) — Жанубий Ғарбий Осиёдаги давлат. Қатаря. о. дажойлашган. Майд. 11,4 минг км2. Аҳолиси 793,3 минг киши (2002). Пойтахти — Дўҳа шаҳри Давлат тузуми. Қатар — мутлақ монархия. Амалдаги конституцияси 2003 йил апр. даги референдумда маъқулланган ва 2005 йилдан кучга кирган. Давлат бошлиғиамир (1995 йилдан шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний); у қуролли кучлар бош қўмондони ҳамдир. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Соҳил қисми паст, маржон рифлари билан ўралган. Ер юзаси чўл ландшафтли текисликдан иборат (энг баланд жойи 56 м), воҳа кам, айрим жойлари ботқоқлашган текислик. Нефть ва табиий газ конлари бор.

Иқлими тропик, қуруқ иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси 16°, июлники 32°, энг юқори т-ра 45». Йиллик ёғин 125 мм чамасида. Қатарда мунтазам оқиб турадиган дарёлар йўқ. Чўл ўсимликлари ўсади.

Аҳолиси, асосан, маҳалий араблар; қолганлари бошқа араб мамлакатлари, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ҳамда Африкадан келганлар. Расмий тилараб тили. Давлат дини ислом. Шаҳар аҳолиси 91%. Асосий шаҳарлари: Дўҳа, УммСаид, Дўҳан.

Тарихи. Қатар я. о. да аҳоли мил. ав. 3—2-минг йилликдан яшаб келган. Қатарни бир неча марта Сосонийлар эгаллаган. 7—10-асрларда Араб халифалиги таркибида бўлган. 10-асрдан Қарматлар давлатига кирди. 13^14-асрларда Баҳрайн амирлиги ҳукмронлиги остида бўлди. 16-аср бошларида португаллар, кейинроқ усмонли турклар босиб олди. 18-асрнинг 2-ярмида Қатар ҳудудида Соний сулоласи бошчилигидаги кичик султонлик ташкил этилди. Бу сулола 19-асрнинг охирида Қатарни бирлаштирди. 1871 — 1914 йилларда Қатар яна Усмонли турк империяси ҳукмронлиги остида бўлди. 1916—71 йилларда Буюк Британия протекторати. 1971 йил 1 сентябрда мустақил давлат деб эълон қилинди. Қатар — 1971 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 3 сентябр — Мустақиллик куни (1971). ЎзР суверенитетини 1991 йил 30 дек. да тан олган ва 1997 йил 27 нояб. дан дипломатия муносабатларини ўрнатган. Қатарда сиёсий партия ва касаба уюшмалари йўқ.

Хўжалиги. Қатар иқтисодиётининг асоси — нефть қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш; асосий нефть конлари Дўҳан р-нида жойлашган. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши 1%, саноатники 49%, хизмат кўрсатиш тармоғиники 50% ни ташкил этади.

Саноатида нефтдан ташқари, табиий газ ҳам қазиб чиқарилади. Шунингдек, ўғит, нефть кимёси саноати маҳсулотлари, цемент ишлаб чиқарилади, газ суюлтирилади. УммСаид шаҳрида металлургия з-ди ишлайди. Автомобилларни таъмирлаш устахоналари, алкоголсиз ичимликлар здлари бор. Йилига ўртача 5,9 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади.

Қишлоқ хўжалиги суст ривожланган. У ички эҳтиёжнинг 10% ни қондиради. Воҳаларда хурмо (финик пальмаси) ўстирилади; буғдой, маккажўхори, тариқ, жўхори, сабзавотлар экилади, боғдорчилик билан шуғулланилади. Кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик (қўй, эчки, туя боқилади) мавжуд. Соҳилга яқин сувлардан балиқ, креветка овланади, марварид олинади.

Қатарда темир йўл йўқ. Автомобиль йўллари уз. 1,2 минг км (90% қаттиқ қопламали). Газ ва нефть қувурлари уз. 550 км дан зиёд. Денгиз савдо флотининг тоннажи — 636 минг т дедвейт. Денгиз портлари: Дўҳа ва УммСаид. Қатар четга нефть ва нефть маҳсулотлари, ўғит, цемент, суюлтирилган газ, денгиз маҳсулотлари чиқаради. Четдан озиқовқат, саноат жиҳозлари, кенг истеъмол моллари олади. Ташқи савдода Япония, АҚШ, Буюк Британия, БАА, Германия билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — Қатар риали. Тиббий хизмати, маорифи ва маданий-маърифий муассасалари. Аҳоли учун тиббий хизмат бепул. Врачлар чет элда тайёрланади. Ўрта мактабларда ўқиш бепул. Ўрта умумий таълим ва ҳунартехника ўқув юртлари, ун-т бор. Миллий музей, аквариум, этн. музейи, миллий кутубхона фаолият юритади.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Қатарда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Йириклари: «алАраб» («Арабча», араб тилидаги кундалик газ., 1957 йилдан), «Асуак алХолиж» («Кўрфаз бозорлари», араб тилидаги ойлик жур., 1980 йилдан), «алВатан» («Ватан», араб тилидаги кундалик газ., 1995 йилдан), «Галф таймс» («Кўрфаз вақти», инглиз тилидаги кундалик ва ҳафталик газ., 1978 йилдан), «арРайя» («Байроқ», араб тилидаги кундалик газ., 1978 йилдан), «ашШарқ» («Шарқ», араб тилидаги кундалик газ., 1985 йилдан). Қатар ахборот агентлиги ҳукумат агентлиги бўлиб, 1975 йил тузилган. «Катар бродкастинг сервис» ҳукумат хизмати 1968 йил, «Катар телевижи сервис» телекўрсатув хизмати 1970 йил ташкил этилган. Қатарда «алЖазира» мустақил араб йўлдош телеканали (1996 йил асос солинган) қароргоҳи жойлашган.