
ҚАТИҚ
ҚАТИҚ — қаймоғи олиниб ёки олинмай пиширилган сигир сутига томизғи солиб ивитиладиган сут кислотали парҳез маҳсулот. Таркибидаги ёғ миқдорига қараб ёғли (3,2% сут ёғи) ва кам ёғли (сут ёғи 0,05% дан ошмайди) қатиқлар бўлади. 3дларда оддий қаймоғи олиниб ёки олинмай пастеризацияланган сутга сут кислота ҳосил қиладиган стрептококкли томизғи солиб тайёрланади (қ. Кефир). Микроорганизмларнинг ривожланиши натижасида ҳосил бўлган ферментлар таъсирида сут таркибидаги лактоза (сут қанди) сут кислотасига айланиб, ўз навбатида, сутдаги казеин (сут оқсили)ни ивитиб, қуйилтиради. Натижада сут нордон мазали, қуюқ, янада фойдалироқ неъматга айланади. Қатиқ киши организмида сутга нисбатан яхши ҳазм бўлади. Қатиқни уй шароитида тайёрлаш учун сут қайнатилиб, кейин 30—35° гача совитилади, сўнгра ивитиладиган идишларга қуйилиб, томизғи (1 литр сутга 1 ош қошиқда қатиқ ёки сметана) солиб аралаштириб юборилади. Идишнинг қопқоғини ёпиб, қалин қилиб ўраб қўйилади. 4—5 соатдан сўнг Қ тайёр бўлади.
Қатиқнинг ўзи истеъмол этилади, овқатларга қўшилади, кувда пишиб сариёғ (маска ёғ) олинади, айрон, сузма, қоқирим (гуруч пишган сувга Қатиқ солиб қайнатилган қуруқ шўрва) тайёрланади.