ҚАТЛАМ

ҚАТЛАМ (геологияда) — геологик жисм, чўкинди тоғ жинслари ётқизилишининг асосий шакли ва уларнинг кетмакет жойлашиши. Қатламнинг литологик таркиби нисбатан бир хил бўлиб, бир-бирига деярли параллел юзалар (юқоридагиси — Қ. усти ва пастдагиси — Қ. ости) билан чегараланади. Қатлам қалинлиги узунлигига нисбатан анча кам. Юқоридаги Қатлам (нормал ётганда) остки Қатламга қараганда ёш бўлади. Қатлам метаморфик жинслардан ҳам иборат бўлиши мумкин. Магматик жинслар ва рудалар мувофиқ шаклда ётганда уларни Қатлам дейиш мумкин. Қ кўпинча бир неча қатлардан иборат бўлади (мас, таркибида ўзига хос тоғ жинси учрайдиган фойдали қазилма, кўмир Қ., нефтли Қ. ва газли Қ).