ҚАТҚАЛОҚ — 1) кучли ёғинлар ва суғоришдан сўнг тупроқ бетида ҳосил бўладиган қаттиқ қатлам. Ўрта Осиёда суғорма деҳқончилик р-нларининг деярли барча тупроқлари қатқалоқланишга мойил. Бунга асосий сабаб, шу тупроқларнинг ҳаддан ташқари кам донадорлиги ва тупроқ агрегатларининг сувга жуда ҳам чидамсизлигидир. Ёмғирдан ёки суғоришдан сўнг ернинг устки қавати ивиб суюлади, қуриганда қотиб Қатқалоқ ҳосил қилади ва бети ёрилиб кетади. Қатқалоқ тупроқ хоссалари ва қ. х. экинлари ривожига салбий таъсир кўрсатади, тупроқнинг сув ўтказувчанлиги ва ҳаво алмашинувини секинлаштиради, шунингдек, тупроқдаги намнинг (20—30% гача) буғланишини тезлаштиради. Жуда қалин Қ. ҳосил бўлган далаларда майсаларнинг униб чиқиши 3—5 кунга кечикади ва кўчат сони сийраклашиб кетади.
Қатқалоқ ҳосил бўлиш жараёни тупроқларнинг механик таркиби, тури, маданий ҳолати, шўрланганлиги ва бошқаларга боғлиқ. Қатқалоқ, кўпинча, суғориладиган бўз ва чўл тупроқларида ҳосил бўлади. Унинг қалинлиги ва қаттиқлиги тупроқ механик таркибининг оғирлашувига боғлиқ. Айниқса, оғир қумоқли, соз механик таркибли тақирли, сур тусли қўнғир тупроқларда ва тақирларда Қатқалоқ қалин ҳамда жуда қаттиқ бўлади. Шўрланиш ҳамда шўртобланиш Қатқалоқ ҳосил қилишга мойилликни кучайтиради. Мас, қўриқ ва енгил қумоқли оч тусли бўз тупроқларда Қатқалоқнинг қалинлиги 0,3—0,5 см, оч ҳамда тўқ тусли бўз тупроқларда 0,8—1,5 см, кучсиз шўрланган қумоқли ва соз механик таркибли тақирли тупроқларда 2,4—4,5 см ни ташкил этади; бир м2 ердаги Қатқалоқнинг оғирлиги 50—70 кг гача етади. Экинзор далаларга органик ўғит солиш, сидерат экинлар экиш, кимёвий мелиорация ўтказиш, алмашлаб экишни жорий этиб, тупроқларни донадор қилиш, сунъии структура ҳосил қилувчи полимерлар, ер бетини мульча (парда)ловчи материаллар қўллаш ва бошқалар чоратадбирларни амалга ошириш тупроқнинг физиккимёвий хоссаларини яхшилайди, Қатқалоқнинг олдини олади. Ниҳоллар униб чиққунга қадар Қатқалоқ пайдо бўлганда дала енгил бороналар ёки айланувчи чопқи (мотига) лар ёрдамида юмшатилади. Қатқалоқ таъсирини камайтириш учун экин қатор ораларига тупроқ етилиши билан ишлов бериш (чопиқ ёки культивация қилиш) керак.
2) Тупроқ заррачалари деярли аралашмаган тузларнинг ер юзида жуда кўп миқдорда тўпланиши. Тузли Қатқалоқ қалинлиги бир неча мм дан бир неча ўн см гача бўлади (яна қ. Шўрхоклар). Ходимат Махсудов.