ҚАТТИҚ ЭРИТМАЛАР

ҚАТТИҚ ЭРИТМАЛАР — 2 ёки ундан ортиқ компонентдан ташкил топган ўзгарувчан таркибли, 1 жинсли кристалл ёки аморф моддалар. Компонентлар орасидаги миқдорий нисбат ўзгарганида ҳам Қаттиқ эритмаларнинг 1 жинслилиги сақланиб қолади. Қаттиқ эритмалар ҳосил қилиш хусусияти кўпчилик қаттиқ моддаларга мансублиги учун кўпгина табиий ва сунъий моддалар Қаттиқ эритмалар ҳолида мавжуд. Гидридлар водород билан, карбидлар углерод билан, нитридлар азот билан, оксидлар кислород билан Қаттиқ эритмалар ҳосил қилади. Металлар орасида ҳосил бўладиган Қаттиқ эритмалар, айниқса, катта аҳамиятга эга, чунки бунда уларнинг пластиклиги деярли кам ўзгариб, қаттиқлиги, мустаҳкамлиги ва электрга қаршилиги ортади.

Барча Қаттиқ эритмалар 3 гуруҳга бўлинади: сингиш билан ҳосил бўладиган Қаттиқ эритмалар ; ўрин олиш билан юзага келадиган Қаттиқ эритмалар ; дефект тузилишга эга айрилиш Қаттиқ эритмалар Айрилиш Қаттиқ эритмалар эритма ҳосил қилган модданинг кристалл панжарасида зарралар билан банд бўлмаган бўш ўринлар мавжудлиги билан тафсифланади. Сингиш билан ҳосил бўладиган Қаттиқ эритмалар вужудга келганда эрувчи модданинг атомлари эритувчи металлнинг кристалл панжарасида тугунлараро фазовий бўшлиққа жойлашади (темирда углероднинг эриши бунга мисол бўла олади). Ўрин олиш билан ҳосил бўладиган Қаттиқ эритмаларда эрувчи металл атомлари билан эритувчи металл атомлари кристалл панжара тугунларида бир-бири билан ўрин алмашади (мас, миснинг никель билан, натрий бромиднинг натрий хлорид билан бўлган Қаттиқ эритмалари).

Қаттиқ эритмалар техникада қўлланадиган энг зарур қотишмалар асосини ташкил этади. Мас, машина ва станоклар ясашда ишлатиладиган қотишмалар (қ. Бўшатиш, Пўлатни тоблаш, Металларни ишлаш), зангламайдиган, кислотага чидамли пўлатлар, бронза, жез. Алюминий ва магнийнинг бошқа металлар билан ҳосил қилган енгил ва ўта енгил Қаттиқ эритмалари жуда мустаҳкам бўлиб, улар электр токининг ўтишига жуда катта қаршилик кўрсатади. Турли шишалар ҳам Қаттиқ эритмаларга мисол бўла олади.