ҚАВС

ҚАВС (араб. — ёй, эгилган нарса) — ўзбек тилида кенг қўлланадиган, икки элементли (қўшалоқ), асосан, гап ўртасида ва охирида ишлатиладиган чегараловчи тиниш белгиси. Очилувчи ва ёпилувчи қисмлардан иборат. Дастлаб у «Туркистон вилоятининг газети»да 1873 йилдан қўлланган, кейинчалик бошқа газ., жур. ва китобларда ҳам ишлатила бошлаган. Ҳоз. ёзувда асосан 2 хил шаклда ишлатилади: а) одатдаги Қавс () асосий меъёр ҳисобланиб, барча ёзув шаклларида учрайди; б) ўрта Қавс ёки катта Қавс — [] ва () математика, геометрия, кимё ва бошқалар фанларда, шунингдек, Қавс ичида Қавс келадиган ҳолатда учрайди. Хусусан, мат. да бу белги амалларнинг бажарилиши тартибини белгилаш учун ишлатилади. Мас, (5,2+4,8):0,5 (олдин қавс ичидаги амал бажарилади). Қавснинг ёпилувчи (иккинчи) қисми баъзан ёзма нутқда кетмакет келувчи, саналувчи фикрлар, таърифларни рақамлашда (рақам ёки ҳарф билан) якка, мустақил ҳолда ҳам қўлланиши мумкин.

Ҳоз. ўзбек тилида қуйидагилар Қавсга олинади: а) киритма конструкциялар (киритма сўз, киритма бирикма, киритма гаплар); б) ремаркалар; в) цитата ёки мисолларнинг манбалари; г) тушунтириш, изоҳ, уқтириш маъносидаги сўз, бирикма ва гаплар, шунингдек, газ. ва жур. лардаги «давоми бор», «боши 3бетда» кабилар ҳам Қавсга олинади; д) цитатадаги бирор сўз ёки жумлага муаллифнинг турли муносабатини билдирувчи сўроқ, ундов белгилари, шунингдек, муаллиф томонидан цитатага киритилган гаплар. Қавсга олинган қисм асосий гап (матн) билан бевосита ёки билвосита алоқадор бўлади.