ҚАЙРОҚ ЎЙИН

«ҚАЙРОҚ ЎЙИН» — ўзбек рақси турларидан, Хоразм хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳудудида, асосан, шаҳарларда яшовчи профессионал раққос ва раққосалар томонидан жуфт қайроқлар ёрдамида ижро этиб келинган рақслар туркуми. «Қайроқ ўйин» зардуштийлик билан боғлиқ ҳолда қадим замонларда пайдо бўлиб, асрлар давомида мазмунан ва шаклан ўзгариб, бизнинг давримизгача етиб келган. Дастлабки даврларда ўйинчилар қайроқ билан усул бериб ўйнаш орқали Архиман ва унинг лашкарлари инсужинсларни ҳайдаганлар ва шундан завкланиб рақсга тушганлар. Борабора бундай рақслар диний эътиқод қобиғидан чиқиб, дунёвий санъат, томоша шаклини эгаллаб, малакали рақс усталари репертуарларидан ўрин эгаллаган. Ҳозир ҳам Хоразм воҳасида, Бухоро ва Самарқандда бундай рақслар яшаб келмоқда. «Қайроқ ўйин»да қайроқ орқали улар бир-бирига уриб ва дириллатиб (рез бериб), куйга мос усул беради. Усулларнинг хилмахиллиги ўйинчининг маҳоратига боғлиқ. Усулларга мос рақс ҳаракатлари ишлатилади ва улар ўзгариб боради. «Қайроқ ўйин» якка раққос ёки кўпчилик томонидан ижро этилиши мумкин. Ансамблда қайроқлар билан усул беришда жўровозлик талаб қилинади. Хоразмда жуфт қайроқнинг биттаси кўпинча темир бўлгани учун усул ёрқин чиқади. «Қайроқ ўйин» халқ циркининг ёғочоёқ ўйинларида, дорбозларнинг чиқишларида ҳам ишлатилади. Фарғона водийсида қайроқлар ўрнида ликопчалар, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳаларида қошиқлар, таёқлар билан рақсга тушилади. «Лазги», «Баҳор», «Шодлик», «Зарафшон» ансамблларида «Қайроқ ўйин» асосида замонавий рақслар яратилган. Наврўз ва Мустақиллик байрамлари театрлашган томошаларида Бухоро созандалари ва Хоразм рақс усталарининг дастурларида «Қайроқ ўйин» муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Муҳсин Қодиров.

Loading...