ҚАЙТМАС ЖАРАЁНЛАР (физикада) — мувозанат бузилганда системада ўз-ўзидан фақат битта йўналиш бўйича содир бўладиган физик жараёнлар. Диффузия, иссиқлик ўтказувчанлик, газнинг муайян ҳажм бўйича кенгайиши ва бошқалар ҳодисалар Қайтмас жараёнларга мисол бўлади. Ҳамма Қайтмас жараёнлар кетмакет мувозанатсиз ҳолатларнинг узлуксиз қаторидан иборат. Системаларда Қайтмас жараёнлар содир бўлган бўлса, уни ташқи муҳитда ҳеч қандай ўзгариш юзага келтирмасдан бошланғич ҳолатига қайтариш мумкин эмас. Умуман, табиатда содир бўладиган ҳамма реал жараёнлар Қайтмас жараёнлардан иборат. Берк системаларда шундай Қайтмас жараёнлар содир бўлиши мумкинки, натижада система энтропияси фақат ортиб боради.