ҚАЗҒОҚ

ҚАЗҒОҚ — бошнинг сочли қисмида пайдо бўладиган майда қипиклар (тангалар). Организмда витаминлар (хусусан, А ва В гуруҳ витаминлари) етишмаслиги, нерв системаси ва меъдаичак фаолиятининг бузилиши, инфекцион касалликлар, сочни нотўғри парвариш қилиш ва бошқалар сабаб бўлади. Ёғли ва ёғсиз Қазғоқ фарқ қилинади. Оддий (ёғсиз) Қазғоқда ёғ безлари яхши ишламайди; бошда майда, қуруқ, оқ қипиқ йиғилиб, тўкилиб туради; бош қаттиқ қичишади; соч қуруқ, мўрт, хира тортиб, кўп тўкилади. Сочни доим қайноқ сувда кирсовун билан ювиш, ботбот перманент қилиш, кимёвий усулда бўяш, кун қизиғида бошяланг юриш ва бошқалар ҳам Қазғоқ кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Ёғ безларининг зўр бериб ишлаши натижасида ёғли Қазғоқ пайдо бўлади (қ. Себорея). Бошдаги Қазғоқ ёғли, сарғимтир рангда бўлиб, тери ва сочга ёпишиб қолади. Қазғоқ пайдо бўлганда тери касаллиги мутахассиси (дерматолог) га учрашиш лозим. Сервитамин овқатлар ейиш, вақтида ухлаш ва дам олиш, сочни қуруқ ёки ёғлилигига қараб парвариш қилиш тавсия этилади (қ. Соч). Бошда кўп ва дағал Қазғоқ йиғилиши айрим касалликлар (мас, экзема, псориаз) белгиси бўлиши ҳам мумкин, шунинг учун Қазғоқ пайдо бўлганда дарҳол врачга учрашиш ва тегишли маслаҳатлар олиш лозим.

Loading...