ҚАЗИЛМА ҲАЙВОНЛАР

ҚАЗИЛМА ҲАЙВОНЛАР — ўтган геологик даврларда яшаган ҳайвонлар қолдиқлари. Қазилма ҳайвонлар скелетлари турли хил чўкинди тоғ жинсларида сақланиб қолган, баъзан уларнинг таркибига ҳам кирган бўлади (мас, чиғанокли оҳактош). Қазилма организмлар қолдиқларини ўрганувчи фан палеонтология, Қазилма ҳайвонларни ўрганувчи фан эса палеозоология деб аталади. Метаморфлашган токембрий ётқизиқларидаги Қазилма ҳайвонлар қолдиқларининг кўрсатишича, ҳоз. вақтда яшаётган кўпгина ҳайвонлар (қолдиқлари фақатгина қуйи ордовикдан маълум бўлган хордалилардан ташқари) ўша пайтда ҳам яшаган. Энг содда (бир ҳужайрали) ҳайвонлар қазилма кўринишида фораминифералар, радиолярийлардан иборат. Уларнинг скелетлари кўзга кўринаркўринмас даражада бўлиб, кембрий ётқизиқларидан бошлаб учрайди, баъзан чўкинди ҳосилаларнинг қалин қатламларини ташкил қилган. Тубан кўп ҳужайрали ҳайвонлар — булутлар (сув жониворлари) протерозойда пайдо бўлган; уларга яқин бўлган археоциатлар қуйи кембрийда жадал кўпайган. Моллюскалар қуйи палеозойдан маълум бўлиб, айниқса, мезозой ва кайнозойда ривожланган. Мшанкалар ва елка оёқлилар палеозой давридан яхши маълум; елка оёқлиларнит кўпчилиги палеозойда қирғоқбўйи денгиз зонасида жойлашган бўлиб, чиғаноқли банка (саёзлик)лар ва оҳактошларнинг қалин қатламини ҳосил қилган. Бўғимоёқлилар қадимий палеозойда трилобит ва эвриптерид гуруҳларини ташкил қилган; девон давридан бошлаб бўғимоёқлиларнинг бошқа синфлари — ҳашаротлар, ўргимчаксимонлар пайдо бўла бошлаган. Игнатанлиларнинг қолдиқлари қуйи палеозой ётқизиқларида содда гуруҳлар (денгиз пуфакчалари, карпоидейлар ва бошқалар) дан ташкил топган. Умуртқали ҳайвонларнинг қолдиқлари қазилма кўринишида камроқ учрайди. Энг қадимийлари қуйи палеозойга тегишли умуртқалиларнинг вакили бўлган жағсизларга алоқадор ҳоз. замон илонбалиқларидир; кўп ўтмай девон ётқизиқларидаги акуласимон совутли, икки хил нафас олувчи ҳақиқий балиқлар пайдо бўлган; суякли балиқлар эса мезозой эрасида вужудга келган. Ерда яшайдиган тўрт оёкди ҳайвонларнинг қолдиқлари Гренландиядаги девоннинг энг юқори горизонтларида сақланиб қолган. Тошкўмир ва пермь ётқизиқларида сувдақуруқда яшовчи содда ёпиқбошлиларнинг қолдиқлари кенг тарқалган, палеозой охири ва мезозой бошларига келиб уларнинг кўпчилиги қирилиб битган. Мезозойда, айниқса, турли хил судралиб юрувчилар: тимсоҳлар, тошбақалар ва, айниқса, динозаврлар; жуда кўп сонли ихтиозаврлар, плезиозаврлар; қанотларининг катталиги 10 см дан 7 м гача ва ундан ҳам ортиқ бўлган учувчи судралиб юрувчилар — птерозаврлар кўп бўлган. Айни вақтда тиши ўткир узун думли дастлабки қушлар ва майда содда сут эмизувчилар пайдо бўлган. Сут эмизувчилар орасида ўзига хос ҳайвонлар — титанотериялар, улкан каркидонлар, мастодонлар, уч панжали отлар, қилич тишли йўлбарслар ва бошқалар бўлган; уларнинг баъзилари ҳоз. ҳайвонларнинг аждодлари ҳисобланади. Неоген охирларига келиб одам пайдо бўлган. Қазилма ҳайвонлар қолдиқларини ўрганиш чўкинди тоғ жинсларининг нисбий ёшини аниқлашда асос бўлиб ҳизмат қилади.

Loading...