ҚАЗИЛМА КЎМИР

ҚАЗИЛМА КЎМИР — қаттиқ ҳолатдаги ёнувчи фойдали қазилма; тубан ва юксак ўсимликларнинг ўзгариш маҳсули бўлиб, чўкинди тоғ жинслари орасида қатлам қўринишида ётади. Таркибида органик минерал аралашмалар ва намлик 50% гача бўлади. Қазилма кўмир фойдали қазилмаларнинг энг кўп тарқалган турларидан бири, Ер шарининг барча материкларида учрайди, 3000 дан ортиқ кўмир конлари ва ҳавзалари маълум. Қазилма кўмир Ер пўстида қатлам, қатламсимон ва линза кўринишидаги ётқизиқлар ҳолида бўлади ҳамда яхлит, қатқатли ёки донадор текстурага эга. Ранги жигаррангдан қорагача. Қазилма кўмир энергетик хом ашёнинг асосий турларидан бири; унинг дунё бўйича ёқилғиэнергетика балансидаги улуши 30—35% ни ташкил этади. Қазилма кўмирдан саноатнинг турли соҳаларида: электроэнергия, металлургия учун кокс ишлаб чиқаришда, энергетик мақсадларда ёқиш учун, кимёвий қайта ишлаш йўли билан турли хил (300 дан ортиқ) маҳсулот олишда фойдаланилади. Қазилма кўмирдан германий, галий ажратиб олинади. Асосий компоненти — органик модданинг таркибига кўра, Қазилма кўмир 3 генетик гуруҳга бўлинади: гумолитлар (қўнғир кўмир, тошкўмир ва антрацит), сапропелитлар ва сапрогумолитлар. Кўпроқ учрайдиганлари гумолитлар бўлиб, қуруқлиқдаги юксак ўсимликлар қолдиқларидан пайдо бўлади. Улар қўпроқ ботқоқлик, қўлтиқ, лагуна ва чучук сувли ҳавзаларда ҳосил бўлиб — автохтон тўпланиш; қуруқликдан ўсимликлар ва уларнинг ўзгариш маҳсулларини яқин жойлашган турғун сув ҳавзаларига кўчирилиши натижасида нисбатан камроқ тўпланганлари — аллохтон тўпланиш дейилади. Тўпланиб қолган ўсимлик қолдиқлари биокимёвий парчаланиши натижасида торфга айланади; бунда сувли муҳитнинг кимёвий таркиби ва сувлилиги муҳим таъсир кўрсатади. Сапропелитларнинг кўп кулли турлари ёнувчи сланецлар деб аталади. Қазилма кўмирда минералли қўшимчалар манбаи бўлиб, кўмир ҳосил қилувчи ўсимликларнинг ноорганик таркибий қисмлари, торф ҳосил бўлган жойга сув ва шамол ёрдамида келтирилган терриген материаллар; шунингдек, торфзорларда циркуляция қилувчи сув аралашмаларидан ажралиб чиқувчи минералли янги ҳосилалар бўлиши мумкин. Минерал аралашмаларнинг таркиби — кварц, гилли минераллар (асосан, каолинитлар), дала шпатлари, пирит, марказит, карбонатлар ва 51, А1, Ғе, Са, М$, К, N8, Т1, сийрак ва тарқоқ элементлар (11, Ое, Са, V ва бошқалар) дан иборат. Торфзорлар устини қоплайдиган жинслар пайдо бўлиши билан торф ҳосил бўлиш жараёни тугайди. Нисбатан юқори бўлмаган т-ра ва босимда пайдо бўлган диагенетик (зичлашиш, чўкиндиларнинг дегидрацияси, газ ажралиб чиқиши) ва тикланиш характерига эга бўлган биокимёвий жараёнлар торфларни қўнғир қўмирга айланишига олиб келади. Юқори т-ра ва босимнинг узоқ муддатли таъсири натижасида қўнғир кўмирлар тошкўмирга, улар эса, антрацитларга айланади (қ. Қўнғир кўмир, Тошкўмир, Антрацит). Кўмир ҳосил бўлиш жараёни регионал геологик жараёнлардан бири бўлиб, барча континентларнинг ҳудудларида кузатилади. Кўмирли формацияларнинг узлуксиз тарқалиш майдони бир неча км2 дан юз минг км2 гача, қалинлиги бир неча ўн м дан бир неча км гача, улардаги қатламлар сони бир неча юзга етади. Йирик масштабдаги кўмирланиш жараёни платформали областларга тўғри келади.

Prev Article

ҚАЗИ