ҚАЗУВ

ҚАЗУВ, қачув — Хива хонлигида канал (ёп)ва ариқларни ҳар йили тозалаш таомили. Канал ва ариқларнинг дамба (қочи)ларини тузатиш ва қуришдан иборат мажбурият қачув, уни бажарувчилар қазувчи ёки белдор деб аталган. Бу иш «бегор» йўли билан амалга оширилган. Бу солиқнинг ўзига хос усули бўлиб, ҳар бир хонадон йилда бир кишини Қазувга юбориши ва 12 кун давомида каналларни тозалаш ишларида иштирок этиши шарт эди. «Бегор» 12 кундан ортиқ чўзилмаслиги лозим бўлса ҳам, кўпинча 15—20 кунгача давом этган. Қазув йилига 2 марта баҳорда ва кузда бўлган. 12 кунлик бегордан ташқари Хоразмда 6 кунлик меҳнат мажбурияти — «бало қазув» ҳам бўлган. Қазув иши катта каналларда 2 ҳафтадан ошмаган, чунки бунга жуда кўп қазувчи жалб этилган. Улуғ Қазув ва ташқи Қазувни ташкил этиш ҳукумат зиммасида бўлган. Ишни олиб борувчи, яъни соҳибкор, албатта, тўралардаи бўлиб, у бош миробнинг розилиги ёки таклифи билан хон томонидан махсус ёрлиқ билан тайинланган. Баъзан каналларни тозалаш ишларининг тепасида хоннинг шахсан ўзи турган (мас, Полвонёп, Ғозиобод, Шоҳобод каби катта каналларнинг қазувида).

Каналларни лойқадан тозалаш қадимдан 2 минтақага бўлинган:

1) сақо қазуви (бош қисмини тозалаш) ва

2) обхўра қазуви (тақсимловчи тармоқни тозалаш). Каналнинг сақоси (бош қисми) олий ҳокимиятга тегишли бўлиб, тозалашни ташкил этиш ва уни сақлаш учун маблағ билан таъминлаш ҳукумат зиммасига тушган.

Севара Сабурова.

Loading...