ҚАЗВИНИЙ

ҚАЗВИНИЙ Ҳамидуллоҳ ибн Абу Бакр Муставфий (1281, Қазвин шаҳри — тахм. 1350) — эронлик тарихчи, географ. Ҳулокуийлар саройида молия ишлари билан шуғулланган йирик амалдор бўлган. Вазир Рашидуддин қўл остида хизмат қилган. «Тарихи гузида» («Танланган тарих», 1340 йил) асарини ёзган; унда мўғул элхонлари ва Эрондаги маҳаллий сулолаларнинг тарихи ҳамда машҳур кишиларнинг таржимаи ҳоли, Қазвин шаҳри ва вилоятининг батафсил баёни берилган. Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достони давоми сифатида мўлжалланган З«афарнома» шеърий хроникаси (1331—32 йил), шунингдек, «Нузҳат улқулуб» («Қалблар роҳати») географик асарини (1340 йил) ёзган. Асар муқаддима, 3 боб ва хотимадан иборат. 1бобда металл ва минераллар, мевали дарахтлар, табобатда ишлатиладиган ўсимликлар, ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда паррандалар тўғрисида фикр юритилган. 2бобда инсон ва унинг хусусиятлари, ташқи қўринишидаги айрим фарқлар баён қилинган. Асарнинг 3бобида Эрон ва унга қўшни мамлакатларнинг географик тузилиши, табиий бойликлари, алоқа йўллари, йирик шаҳарлар ўртасидаги масофа ва бошқалар хусусида бир қанча муҳим маълумотлар келтирилган. Асарнинг қўлёзма нусхалари Англия, Франция, шунингдек, Тошкент ва Санкт-Петербург шарқшунослик интлари қўлёзмалар фондларида сақланади.

Prev Article

ҚАЗВИН

Next Article

ҚАЗЗОФИЙ