ҚИЛИЧ

ҚИЛИЧ — чопиш ёки санчиш билан ёвга шикаст етказадиган тиғли қурол. Биринчи бор қад. туркий Урхун-Енисей битикларида қайд этилади. Дастлабки Қилич ханжарсимон бўлиб, учи ўткир, 2 тиғли қилиб ясалган. Қилич дастасидан ушлаганда қўл тиғ томонга ўтиб кетмаслиги учун даста билан тиғ ажратиб қўйилган. Қиличнинг қад. турлари суякдан ясалган, сиртига чақмоқтошлар қопланган ва у фақат санчиш учун яроқли бўлган. Кейинчалик жез ва темирдан тайёрланган Қилич ҳам санчиш, ҳам чопиш учун хизмат қилган. 6—7-а. ларда Шарқ мамлакатларида бир томонлама тиғли эгри Қилич ясалган. Унинг уз. 80—90 см, эни 3—3,5 см бўлиб, қинда сақланган. Маъданга ишлов беришнинг ривожланиши оқибатида Қ, сифати ҳам ошиб борган. Шарқ давлатларида Дамашқ пўлатидан ишланган Қилич, Исфаҳон Қ. и шуҳрат қозонган. Ҳукмдорлар, лашкарбошилар, беклар ва баҳодирлар учун ясалган Қиличлар олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар билан зийнатланган.

Loading...